Ота-она боласининг дунёга келишидан то катта ҳаётга қадам қўйгунича тарбиялаши ва ғамхўрлик қилиши керак. Унинг қандай инсон бўлиб етишиши кичиклигидаги берилган тарбияга боғлиқ бўлади. Болани ҳар ким ҳар хил тарбия қилади. Кимдир уришиб, кимдир эса мақтаб. Япониялик Масару Ибука болани уришгандан кўра мақтаган маъулроқ деб билади. Албатта, уришиб қўйиш ва мажбурлашга тўғри келадиган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Аммо бундай вазиятда кичкинтойга танлаш ҳуқуқини бериш ёки уни ишонтиришга уриниб кўриш яхшироқ самара беради. Масалан, бола ҳали сиз ўқимаган газетани йиртаётган бўлса, уни қўлидан тортиб олиш ёки қўлига уришдан кўра кичкинтойга эски газетани берган тўғрироқ бўлади.
Агар шундай қилмай, бор-йўғи газетани қўлидан тортиб олсангиз, боладаги фаолиятга бўлган муҳим интилиш ва ҳаракатни бўғиб қўясиз. Болани тарбияламоқ – ўзини тарбияламоқдир. Ҳаракатчан ота-оналарнинг масалаҳатлари, ҳатто уларнинг жимгина намуна кўрсатишлари ҳам бола учун фаолиятсиз ота-онанинг буйруқларидан кўра муҳимроқ ва таъсири кучлироқдир. Чунки одатда болалар эшитган сўзларига эмас, кўриб турган ишларига, ҳаракатларга тақлид қилишади. Шу боис шахсий намуна кўрсатиб, фарзандингизда фаолиятга қизиқиш ва интилиш уйғотинг. Ҳеч қачон эринманг ҳамда болага ҳар бир ишда ўрнак кўрсатиб, уни рағбатлантиринг. Батартиб бўлинг. Сиз ва фарзандингиз учун энг муҳими унинг ҳаммадан зўр ва барчадан илғор бўлиши эмас, балки унинг омадли ва бахтли инсон бўлиб улғайишида эканини ҳеч қачон ёддан чиқарманг.
Баъзи ота-оналардан шундай савол туғилиши мумкин: кичкинтой учун нима фойдали? Болани ўқитишнинг, унга ўргатишнинг тайёр қоидалари мавжуд эмас, аммо уларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатадиган бир қатор ҳаракатларни келтириб ўтиш мумкин.
Болани тез- тез қўлингизга олиб туринг.
Болани баъзида ўзингиз билан олиб ётинг.
Ҳеч қачон кичкинтойнинг йиғисини эътиборсиз қолдирманг, уни тинчлантиришга ҳаркат қилинг.
Ота фарзанди билан кўпроқ мулоқотда бўлиб туриши керак.
Оилада фарзандлар сони қанча кўп бўлса, улар бир-бирлари билан шунчалик осон мулоқотда бўладилар.
Оилада буви ва буванинг бўлиши боланинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Болаларнинг бир-бирлари билан мулоқотларини қўллаб-қувватланг ва рағбатлантиринг.
Ўзаро жанжаллар болаларда мулоқот ва муомала кўникмаларини шакллантиради.
Шу ўринда кўп бора эшитганингиз машҳур ривоятни эсланг. Ота-она туғилганига уч ой бўлган боласини аллома қошига олиб келиб, тарбия беришни қачон бошлайлик деб сўраганида, аллома уларнинг уч ойга кечикканларини айтади. Хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг.