3:03

Севги ила муносабат

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна азизлар сиз билан радио тўлқинлари орқали биргамиз. Шундай имконият учун Худовандимизга миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Муқаддас Китоб бизларни доимо бошқалар билан тўғри муносабат қилишга чорлаб келмоқда, демак Муқаддас Китобда ёзилганларига амал қилганимизда, Худованд биздан қониқади ва хурсанд бўлади.

Бизларнинг бошқаларга бўлган муносабатимиз, айниқса ўша одам ҳақида ўйлаганимизда яққол билинади. Бу эса ўша инсон билан гаплашганимизда ва мулоқот қилганимизда сезилиши мумкин. Муқаддас Китобнинг 1Коринфияликларга мактубининг 13 бобида айнан шундай муносабатлар ҳақида икир-чикиригача аниқ ва равшан ёзилган.

Бошқаларга севги ва муҳаббат ила муносабатда бўлиш бу фақатгина ҳис-туйғу эмас, балки бу юрагимиздаги бошқаларга бўлган ҳақиқий соф муносабатдир. Кўпинча инсонлар бир биридаги ёмон тарафларни тез кўришади, яхши тарафларига эса унчалик эътибор бермаймиз. Бир мисол келтириб ўтсак. Бир катта тоза оқ қоғозни олиб, ўртасига маркер билан қора кичгинагина нуқта қўйиб белгиланг ва одамлардан шу ерда нимани кўряпсиз, деб сўранг.

Ишонч билан айтамизки, кўпчилик қора нўқтани деб жавоб беради. Нима учун шундай? Ахир қора нуқта жуда кичкина, ундан кўра анчагина катта бўлган оқ қоғоз турибди-ку?! Инсоннинг табиати ўзи шундай: бошқалардаги кичкина хатони ҳам тез пайқаймиз, яхши томонини кўрсак ҳам кўрмагандай бўламиз. Демак кўпинча бошқалардаги яхши нарсаларни биз кўриш чизиғимиздан ташқарида қолдирамиз.

Азизлар, қанчалик қийин кечса ҳам шу икки хил кўриш услубини алмаштиришга ҳаракат қилишимиз керак. Шундай қилиб, инсонлардаги яхши томонларни кўриш қобилиятимизни ривожлантириб борамиз. Агар бошқалар сизнинг жаҳлингизни чиқарадиган даражада иш тутадиган бўлсалар ҳам, ўзингизни тутишга ва муносабатни сақлаб қолишга ҳаракат қилинг.

Тушунаман, бу анча мушкул. Лекин Худованднинг кучи ила сабр-тоқатга эга бўлиш мумкин. Агар кимдир ҳамма ишларни тартиб билан ва ўз вақтида қилишга ўрганган бўлса, лекин ишхонадаги дўсти бунинг акси бўлса, албатта сабр-тоқатли бўлиш анча мушкул. Лекин Худованд бизга бошқаларни севишни, хафа қилмасликни амр этади. Умуман, дунёда инсонга ёқмайдиган омиллар жуда кўпдир.

Масалан кимдир чаққон бўлса, кимдир секин-аста иш қилади. Кимдир эрталаб барвақт турса, кимдир кўп ухлашни яхши кўради. Ахир ҳамманинг табиати ҳар хил. Бошқалар ҳақида ҳар хил фикр билдиришимиз мумкин. Ўзимиз нима учун шундайман, балки мен ҳақимда ҳам кимдир бошқача фикрдадир деб ўйлаб кўриш, тўғри йўл тутишимиз учун имкониятдир. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top