Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Ўзбекларда бир ажойиб мақол бор: “Қозонда бори чўмичга чиқади”. Балки бу мақолни ҳозирги ҳикоямизга унчалик алоқаси йўқдир. Балки ҳикоямизга нисбатан бироз қўполроқ туюлар.
Кўпчилигимиз қўлимизга тушган расмимизни олиб қараганимизда кимдир хурсанд бўлса, яна кимдир ўзини кўриб жаҳли чиқади, бошқамиз эса, балки, бироз уялармиз. Лекин шуниси анниқки, расмга олиш вақтида нимаики бор бўлса, барчаси яққол қўлимиздаги расмда тасвирланган. Шунинг учун ҳам юқоридаги мақолни сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилган эдик.
Инсон расмни чиқариш вақтида қанчалик уринмасин уни ўзгартиришнинг иложи йўқ. Расмга олиш вақтида ёруғлик тўғри танланмаса, расм ёки хира чиқиши мумкин ёки ҳаддан зиёд оқариб кетиши ҳам мумкин. Энг ачинарлиси шундаки, расмга олиш вақтидаги энг қизиқ пайтни энди орқага қайтариб бўлмайди, балки айнан шу вақт бир умр бой берилди.
Матто китобининг 12 боби 35 оятида Раббимиз Исо Масиҳ юракдаги “яхши ва ёмон хазина” ҳақида гапиради. Бу шуни англатадики, биз нимани кўриб турган бўлсак, нимани эшитаётган бўлсак, ҳаётимизда ҳар куни нимага дуч келаётган бўлсак, барчаси ушбу оятда мужассамдир. Буни яна шунга ўхшатишимиз мумкин, яъни моҳир фотосуратчига, чунки Раббимиз Исо Масиҳ ҳар бир инсоннинг ҳаёт тарзини ипидан игнасигача яхши билади.
Барчасидан У хабардордир. Ҳар бир Масиҳга ишонувчи инсон ҳаётида бирон-бир гуноҳ содир этса, албатта Худованд бундан хабар топади. Шунинг учун ҳам гуноҳ қилган инсон ўзини айбдор деб билади, чунки Муқаддас Руҳ ўша инсоннинг юрагига гапиради. Лекин аксинча, Худовандга ёқадиган нимадир қилсак-чи? Отамиз бундан ҳам албатта хабардор бўлади.
Юрагимизга тинчлик, хурсандчилик ато этади. Юрагимиздаги ёмонлик хазинасини инсонлар кўролмайди, лекин гапларимиздан, юриш-туришимиздан ва бошқалар билан қилаётган муносабатимиздан инсонлар ҳам бизни кимлигимизни яхши билиб олишлари мумкин. Чунки айнан Матто китобининг 12 боби 35 оятида шу ҳақида гапирган. Инсоннинг юрагида нимаики бор бўлса, вақт-соати келиб, худди плёнкадаги расмдек унинг ҳаётида яққол кўринади.
Балки орамизда кимдир айнан шу муаммо учун курашаётгандир. Ўйлайманки, Худованд албатта чин юракдан хоҳлаётган инсонга ёрдам беришга тайёр. Худованд учун инсоннинг ташқи кўриниши эмас, устимиздаги замонавий кийимлар эмас, балки юрагимизнинг қанчалик тўғрилиги муҳимдир. Азиз дўстим, ҳозирнинг ўзидаёқ Худовандга илтижо қилиб, тўғри йўлни кўрсатишини ва ҳеч қачон шайтоннинг кир кўчасидан юрмаслигингни айтгин. Худованд сени кутмоқда. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.