3:16

Болаларнинг ўсишига ёрдам 112

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан эфир орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Муқаддас Китобимизнинг Римликларга мактуби 3 боби 22 ва 23 оятларида шундай ёзилган: “Худо талаб қилган солихлик — Исо Масиҳга ишонишдан иборатдир.

Шу имонга эга бўлган ҳаммани Худо оқлайди. Чунки одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ. Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир”. Шу оятни ўқиганимизда кўз ўнгимизга ҳар хил болалар келади. Қайсидир бола новчароқ бўлса, кимдир аксинча паст бўйлади. Яна кимдир тўлароқ бўлса, яна кимдир озғиндир. Хуллас инсонларнинг нафақат фикрлаши, турмуш тарзи, балки уларнинг ташқи кўриниши ҳам ҳар хил экан.

Шунинг учун бўлса керак дунёдаги инсонларнинг фикрига эътибор берсак, улар шундай деб айтишади: “Инсонлар ҳар хил бўлгани учун Худованд ҳам улар ҳақида ҳар хил фикр қилади”, — деб. Агар кимдир ногирон бўлса, Худованд шу болага раҳм қилади ва уни Ўзи яшаётган жаннатга тўғридан-тўғри қабул қилади деган фикрлар. Яна кимдир камбағал бўлса, унга ҳам Худованд раҳм қилади ва уни ҳам жаннатга тўғридан-тўғри қабул қилади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек бу — дунёдаги инсонларнинг фикридир. Лекин Муқаддас Китоб умуман бошқача гапиради. Яъни ҳамма гуноҳ қилган, демак Худованднинг кўз ўнгида барча инсонлар бир хил. Бундан ташқари, Худованд шунчалик муқаддаски, У Ўз яшайдиган жойига ҳеч қандай гуноҳни киришига асло йўл қўймайди. Омин.

Фараз қилинг, уйимиздаги потолок бу — осмон. Новча бола бошқаларга қараганда ўша биз айтган осмонга яқинроқ ҳисобланадими? Балки шундайдир, бу ҳам бўлса бир неча сантиметргадир. Шундай бўлса ҳам улардан ҳеч бири потолокка қўли билан тега олмайди. Бу мисол балки сизга бироз кулгули бўлиб туюлиши мумкин. Лекин сиз ўзингизни қачонлардир бошқалардан кўра ақиллироқ ёки ўша безори боладан кўра тартиблироқман деб ҳисоблаганмисиз?

Албатта барчада шундай бўлади. Лекин Худованднинг кўз ўнгида яхши ва ёмон бола, ёки катта ёшдаги инсон бўлмайди. Худованд учун барча бир хилдир. Худованд ҳеч кимни яхши ва ёмон деб ажратмайди. Худованд Ўз Сўзида айтадики, ҳамма гуноҳ қилган ва улуғворликдан маҳрумдир.

Бу дегани ҳамма катталару кичиклар, ўғил болалару қиз болалар ҳам, ҳамма бир хилдир. Шунинг учун ҳурматли радио тингловчи болажонлар, бизлардан ҳеч биримиз ёнимиздаги қўшнимизга нисбатан Худовандга яқинроқ эмасмиз. Қачонки ўз гуноҳкорлигимизни тан олиб, Раббимиз Исо Масиҳга Нажоткор деб ишонсак, шундагина Худованд бизларни қабул қилади ва Ўзи яшайдиган жаннатга киришимиз учун эшикларни очади. Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги мавзумиз ўз поёнига етди. Яна радио орқали учрашгунча хайр, омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top