3:19

Худованднинг ваъдаси

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, агар инсонда содиқ дўсти бор бўлса, ҳар қандай шароитда ҳам унга суяниши мумкин.

Лекин инсонлар орасида содиқ дўстнинг топилиши анча мушкул. Биз сизлар билан ўтган эшиттиришларимизда Ибром ҳақида гаплашган эдик. Биласизларми, Ибромнинг ажойиб дўсти бор эди. У ҳеч қачон Ибромдан воз кечмаган. Доимо ҳар қандай шароитда ҳам у билан бирга бўлган. Худованд Ибромни ва Ибром Худовандни жуда яхши кўрар эди, шунинг учун ҳам Худованд Ибромни дўстим деб атаган.

Ибром айрим пайтларда нимадандир қўрқар эди, шунда Худованд Ибромни юпатар эди. Бир куни Худованд шундай деди: “Ибром, қўрқма, Мен сенга қалқонман ва сенга катта мукофат бераман”. Албатта Ибром Худованд унга гапирганидан жуда хурсанд эди. Чунки уни энди Худованднинг Ўзи ҳимоя қилади. Қандай ажойиб! Аҳир инсонлардан ёки бошқа бир мавжудотлардан қайси бири Худовандга қарши чиқа олар экан?!

Энди у қурқмаса ҳам бўлади. Қизиқ, Худованд қандай мукофот ҳақида айтди экан? Аҳир Ибромнинг бойлиги жуда кўп эди. Унда моллари, тиллалари, хизматкорлари етарлича эди-ку. Ҳа, унинг ўғли йўқ эди. Аслида Ибром ҳам хотини ҳам жуда қариб қолишган эдилар. Медицина томонидан олиб қарасак, уларда фарзанд кўриши мумкин эмасди.

Лекин Худовандга имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ибром Худовандга шундай деб айтди. Эй Худованд, менга нима бермоқчисан, аҳир менинг болаларим йўқ. Мен ўлганимдан сўнг барча бойликларим кимга қолади? Менинг Дамашиқлик бир хизматкорим бор, наҳотки барча бойлигим унга қолади, илож бўлса менга меросхўр бергин, деб Худога ёлворди. Худованд айтди. Ҳеч қандай хизматкорга сенинг бойликларинг мерос бўлиб қолмайди.

Сенинг ўз ўғлинг бўлади. Ибромни Худованд ташқарига олиб чиқди-да, осмонга қара, юлдузларни санай оласанми? Сенинг болаларинг ва невараларинг шу юлдузлар каби кўп бўлади, деб айтди Худованд. Албатта Ибром Худованднинг ваъдасидан ҳайрон бўлди. Лекин у Худовандга ва айтганларига астойдил ишонар эди. Албатта Ибром Худовандга атаб ажойиб қурбонлик келтирди.

Сорай ҳам ўз боласи бўлишини жуда хоҳлар эди. Шунда Сорай ўзининг бир мисрлик чўрисидан Ибром орқали бир бола туғиб беришини сўради. Орадан вақт ўтиб, мисрлик чўри ҳомиладор бўлди ва бир ўғил фарзанд кўрди. Албатта буни кўрган Сорайни жаҳли чиқди. У ўз чўрисига кўп ишлар бериб уни қийнар эди. Қийинчиликларга чидай олмаган Хожар боласини олиб чўлга қочиб кетди. Ҳурматли радио тингловчи болажонлар, ушбу воқеа нима билан якун топишини ва Худованднинг Ибромга берган ваъдаси қандай амалга ошишини кейинги эшиттиришларимизда давом эттирамиз. Ҳозирча хайр омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top