Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчилар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукроналар айтамиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман.
Ҳозирги кунда болалар учун атаб ёзилган кўплаб китоблар мавжуд. Улар турли мавзуларга бағишланган. Шулардан кўпчилиги фойдали маълумотларга эга бўлса, бошқалари қарама-қарши мавзуларни ўз ичига олган. Ҳатто айримлари жуда эскириб ҳам қолган деб айтишимиз мумкин.
Айниқса масиҳий оилалар ўз фарзандларига китоб танлашда адашмаслиги керак. Худованд бизларни ва фарзандларимизни “қоронғуликда” яшашимизни истамайди. Муқаддас Китобдан болалар ва қизлар учун аниқ мавзуларни топиб ўқиб ўрганишимиз мумкин.
Албатта бу мавзулар орадан минглаб йиллар ўтса ҳам эскирмаган ва ҳозирги кунга қадар кўпчилик айнан Муқаддас Китобдаги усулларни фарзанд тарбиясида қўллаб келишмоқда. Тўғри, айримларини шунга яқинроқ тарзда ишлатмоқдамиз, лекин келиб чиқиши ва маъноси ўша-ўша. Муқаддас Китоб аниқ айтади: Одам Ато бутун одамзоднинг боши ва отасидир.
Бутун одамзот унинг авлоди бўлгани учун унинг изидан бормоқда ва унинг табиатидаги гуноҳ ҳар бир инсонга ўтмоқда, деб айтишимиз мумкин. 1 Коринфияликларга мактубининг 15 боби 22 оятида шундай ёзилади: “Одам Атонинг фарзанди бўлган барча ўладилар.
Худди шундай Масиҳнинг фарзанди бўлган барча тириладилар”. Барча одамзод Одам Атодан гуноҳни мерос қилиб олгандир. Римликларга мактубининг 3 боби 10 ояти айтадики: “Солиҳ киши йўқ, бир киши ҳам йўқдир”. Бу оятнинг тасдиғи сифатида бугунги кунда инсонлар томонидан содир этилаётган турли гуноҳ ишлар рўйхатини соатлаб келтириш мумкин.
Ҳаттоки шундай гуноҳ ишларни айрим кишилар гуноҳ деб ҳам билмайдилар. Охир оқибат ўлим инсонларни енгиб бормоқда. Кимки ўз вақтида гуноҳ қилишдан тўхтаса ва ўз ҳаётини Худовандга топширсагина нажот олади ва келажакда Худованд билан бирга абадий ҳаёт кечиради. Азиз ота-оналар, фарзандларимизга ҳам худди шу ҳақиқатни ўргатайлик.
Инсонлар орасидаги бола фариштадек тоза деган тушунча мутлақо нотўғрилигини энди тушуниб етган бўлсангиз ажаб эмас. Чунки Муқаддас Китоб бутун инсонларни гуноҳкор деб айтади, шу жумладан болаларни ҳам. Ҳурматли ота-оналар, болаларингизга турли китоблар, фильмлар ёки комьпютер ўйинлар сотиб олганингизда жуда эътиборли бўлинглар деб қоламиз. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.