2:57

Хушхабар ҳамма учун

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчилар. Яна азизлар, сизлар билан радио орқали ғойибона учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Маркдан Хушхабар китобининг 16 боби 15 оятида шундай ёзилади: “Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар”.

“Ҳаммага тарғиб қилинглар” деганда катталар ҳам, болалар ҳам, ёшу-қарилар бирдек назарда тутилган. Азизлар, Худованднинг хоҳиши — барча одамзодга бирдек Хушхабар етиб боришидир. Худованд хоҳламайди, бирон-бир инсон Исо Масиҳ гуноҳкорлар учун ўлди, деган ҳақиқатни эшитмай қолишини.

Бу ҳақиқат — инсонлар биринчи бўлиб эшитиши керак бўлган ҳақиқатдир. Масалан, мактаб ёшигача бўлган болаларга ҳам Худованднинг Хушхабарини айтишимиз мумкин. Улар ҳам айни ҳақиқатни билиш учун ҳақлидирлар. Айниқса мактаб ёшигача бўлган болаларга нимадир ўргатган пайтимизда, Худованд уларнинг ҳам юрагида ишлашига ўқитувчида ишонч бўлиши лозим.

Шундагина қилаётган хизматингиз юракнинг туб-тубидан чиқади. Уларга Худованднинг Кимлигини, У нималарни яратганлигини ўргатиш мумкин. Айнан Худованд яратганлигини эса биз инсонлар Муқаддас Китоб орқали билишимизни болаларга қайта-қайта тушунтириб беринг.

Худованд Муқаддас ва севги Худосидир. Шунинг учун ҳам биз, инсонлар, гуноҳларимиз учун тавба қилиб, У хоҳлагандай бўлишга ҳаракат қилишимиз кераклигини уларга тушунтириб беришга ҳаракат қилинг. Азизлар, кимга бўлса ҳам нажот ҳақида гапирганимизда, дунёда гуноҳ борлигини ҳам айтиб ўтишимиз керак.

Гуноҳ — бу Худовандга ёқмайдиган нарса. Агар инсон ўзидаги гуноҳлари учун Худованд олдида тавба қилмаса, қандай қилиб Худованд билан бирга бўлиш мумкин? Чунки У Муқаддас. Энг даҳшатлиси, гуноҳ жазога лойиқдир. Лекин Худованд барча инсонларни севгани учун Раббимиз Исо Масиҳни бизларнинг гуноҳларимиз учун қурбон қилди.

Нажот олишнинг ва абадий ҳаётга эга бўлишнинг ягона йўли — Исо Масиҳ. Фақатгина У барчани турли гуноҳлардан озод қила олади. Одам зотидан ҳеч ким, у ким бўлишидан қатъий назар, Худонинг Шоҳлигига кира олмайди. Агар у ўз гуноҳлари учун тавба қилиб, Худованддан кечирим олмаса. Худованд эса гуноҳлари учун тавба қилган ҳар қандай инсонни доимо кечиришга тайёрдир.

Азиз радио тингловчи биродарлар, Раббимизнинг ер юзига қайта келиш пайти тобора яқинлашиб келмоқда. Шундай экан, барчага Унинг Хушхабарини етқазайлик, бунинг оқибатида кўплаб инсонлар нажотга эришади. Раббимиз эса бизга Ўзи тайёрлаган мукофотини беради. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top