3:01

Муқаддас Kитобни ўрганамиз

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек сизлар билан радио қаршисидаман. Кимдир шундай деб айтган экан:

“Агар ўқитувчининг ўзи туманда адашиб юрса, унинг ортидагилар қоронғуликда адашиб юрадилар”.

Ҳаворий Павлус бошқаларга ўргатаётганларини ўзи жуда яхши билган. У ҳатто маълумоти бўлмаганларга ва қулларга ҳам айни ҳақиқатни яхши тушунтира олган. Шунинг учун ҳам биз, ўргатувчилар, кўп маълумотларга эга бўлишимиз керак. Инсон чиройли гапириши мумкин, ҳатто чиройли дарс бериши ҳам мумкин.

Лекин нима ҳақида гапираётганини билмаса, бошқаларни адаштиради холос. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ўқитувчи кимгадир нимадир ўргатишидан аввал шу мавзуни ўзи яхши билиши лозим. Ҳамма билимнинг ўчоғи — Муқаддас Китобдир. Агар Муқаддас Китобни яхши билсак, демак кўплаб саволларга жавоб ҳам тайёр демакдир.

Шунинг учун ҳам Муқаддас Китобни тартибли равишда ўқиб бориш ва ўрганиш фойдадан холи эмас. Ҳеч қачон инсонавий фикр ила бошқаларга ниманидир тушунтиришга ҳаракат қилманг. Ҳар бир айтган гапларингиз Муқаддас Китобга асосланган бўлса яхши.

Муқаддас Китобни ўрганиш катта меҳнатни талаб этади. Уни ўрганишдан ҳечам тўхтаб қолмаслик керак. Биз ўрганишимиз керак бўлган ҳамма муҳим саволлар Муқаддас Китобнинг ҳамма жойларида ёзилган. Уларни синчиклаб топиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Аслида кўп билимга эга бўлиш учун осон йўлнинг ўзи йўқ, барчаси қийинчилик эвазига амалга ошади.

2 Тимутийга мактубининг 2 боби 15 оятида шундай ёзилган: “Сен эса ҳақиқат каломини адаштирмай,тўғрилик билан ўқит, ўзингни Худога мақбул, халол бир ишчи сифатида кўрсатишга ғайрат қил”. Баъзи пайтларда Муқаддас Китобни ўқиб, айрим оятларни охиригача тушунмаслигимиз мумкин.

Лекин шу оятлар бизни ёмон одатларга бошламаслигини яхши тушунамиз, кўпинча шунинг ўзи етарлидир. Энг муҳими, Муқаддас Китоб ҳеч қачон ўз-ўзига қарама- қаршилик қилмайди. Аслида кўпчилигимиз Муқаддас Китобдаги кўплаб ҳақиқатларни яхши биламиз, бу бизни чалкашликдан ҳимоя қила олади.

Худованднинг ҳам хоҳиши биз, инсонлар, Унинг каломини яхши тушуниб, бошқаларга ҳам айни ҳақиқатни адаштирмай етқазишимиздадир. Биз юқорида айтиб ўтган ўқитувчидек туманда юришимизни Худованд асло хоҳламайди. Кимда-ким каломни яхши ўрганишни истаса, биринчи галда Худованддан ибодат орқали ёрдам сўрасин. Худованд доимо ёрдам беришга тайёрдир. Яна радио орқали кўришгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top