Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Сизлар билан яна радио орқали дийдор учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли ота-оналар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар билан яна болаларимиз тарбияси ҳақида суҳбат олиб бормоқчимиз.
Чунки бугунги кундаги болалар аввалги болалардан осмон билан ерчалик фарқ қилади. Агар ўзингизни ёшлигингизни эслаб кўрсангиз, компьютер ва бошқа турли замонавий техника воситалари бўлмаганини кўришингиз мумкин. Бугунги кунда техника шундай тезлик билан ривожланиб боряптики, болаларимизнинг тарбиясига ўз таъсирини ўтқазмай иложи йўқ. Кимдир ўз боласини шундай таъсирлардан ҳимоя қилиши мумкин, кимдир эса буни уддасидан чиқолмаслиги мумкин.
Умуман олиб кўрадиган бўлсак, инсонлар нима ёмон, нима яхшилигини қандай фарқлаши мумкин? Балки художўй инсон буни фарқига бориши мумкин. Лекин дунёвий инсон учун кўп нарсанинг фарқи бўлмаслиги ҳам мумкин. Худованд эса барча инсонларни фақат яхшиликка чорлайди. Худовандни таниб билган одам яхши ва ёмон нарсани фарқига бора олади.
Чунки унда Муқаддас Руҳ бор. Руҳ эса масиҳий инсонга доимо гапиради. Худованд комил бўлгани учун ҳам У доимо ҳақдир. Шунинг учун ҳам барча яхши ишларни У маъқуллайди. Масалан, севги бу яхшилик аломати ва биз, масиҳий инсонлар, доимо бир-биримизга севги кўрсатмоғимиз керак. Чунки Худонинг Ўзи севгидир. Барча ёмон ишлар эса Худонинг табиатига хос эмас.
Худованд қандай табиатга эга эканлигини эса биз Унинг каломини ўқиб билиб олишимиз мумкин. Муқаддас Китобни ўқишимиздан мақсад — Худовандга яқин бўлишдир, Худованд биздан шуни истайди. Худованд инсонларга яшаш учун айрим йўл-йўриқларни ва кўрсатмаларни берган, лекин инсонлар кўпинча бунга амал қилмайдилар.
Агар барча инсонлар Худованднинг кўрсатмаси бўйича яшаганларида эди, дунёда шунча муаммолар бўлмасди. Ушбу йўл-йўриқлар Муқаддас Китобда ёзилгандир. Болаларимизга ёшлигидан Худовандга бўйсунишни ва ўн амрда нима деб айтилганини ўргатиб борсак жуда яхши бўлар эди. Эски Аҳд китобида шундай деб ёзилган оят бор .
“Худойингиз — Эгамиз кўзи олдида ушбу амрларга яхшилаб амал қилингизлар-ки, ўзларингизга ва сиздан кейин қолган фарзандларингизга абадий яхшилик келсин. Шундай қилиб, Худойингиз — Эгамизнинг кўзи олдида тўғри ва яхши ишларни қилиглар”. Азиз ота-оналар, болаларингизни ёшлигиданоқ Худовандга бўйсунишга ўргатиб боринг, шундагина вақт ўтиб, кутган ҳосилни йиғишингиз мумкин.
Шунинг билан азиз ота-оналар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди, хайр саломат бўлинглар.