3:20

Руҳий ғалаба 54

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ҳар бир инсонинг ҳаётида яхши ва ёмон кунларнинг бўлиш аниқ. Бундан ташқари, ҳеч ким касал бўлмасликдан кафолатланмаган.

Лекин кўпчилик шундай фикрдаки, давоси йўқ касалликка дучор бўлса, бу ёвуз руҳнинг иши деб ўйлашади. Ёвуз руҳлар фақатгина одамларда эмас, балки уйда ҳам, машинада умуман хоҳлаган жойда бўлиши мумкин. Бундай ҳолат эса кўпчилик биродарларимизни даҳшатга солиши турган гап.

Қачонки Раббимиз Исо номидан ёвуз руҳларни ҳайдаганимизда, Исо Масиҳ уларни шундай ожиз қилиб қўядики, ҳатто улар бирон нарса қилишга ҳам ҳатто бир-бири билан алоқа қила олмай қолишади. Ёвуз руҳ нафақат инсонларнинг соғлигига, балки уларнинг моддий тарафларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунинг учун ҳам ёвуз руҳларни ҳайдаш ва уйларни, бизнесимизни поклаш жуда муҳим. Ҳаворий Павлуснинг бошидан кечирган оғир дамлари биз учун яхши мисол бўла олади. У ҳаётда учрайдиган оғир кунларни нималигини ва уларнинг ечими нимада эканлигини яхши билар эди. Ҳаворий Павлус ҳибсда бўла туриб шундай деб ёзган эди.

Ушбу гаплар 2 Тимофей мактубининг 2 боби 9 ва 10 оятларида битилган: “Ана бу Хушхабар учун мен худди жиноятчи каби занжирларга боғланиб, азоб чекяпман. Аммо Худонинг каломи занжирбанд эмас! Шу сабабдан ҳамда Худо танлаган кишилар сабабли мен ҳамма нарсага сабр-тоқат билан чидаяпман, токи уларнинг ўзи ҳам Исо Масиҳ берган нажотдан фойдаланиб, абадий улуғворликка эришсинлар”.

Ҳаворий Павлусни жиноятчи деб билишган ва шунга яраша унга муносабатда бўлишган. У ўзининг икинчи мактубини Тимофейга ёзган пайтида Римда қамоқда эди. Ўша пайтдаги қамоқхона одамлар билан лиқ тўла бўлиб, барча ўзлари учун чиқарилиши керак бўлган ҳукмни кутиб ётишарди. Павлус ўзининг қамоқда сақланаётганига қандай муносабатда эди?

У шайтонга буюриб, бу ердан йўқол ва мени қамоқдан озод қил деб, Римдаги ёвуз кучларнинг ҳаракатини боғлашга уринганми? Албатта йўқ. Павлус бундай қилмаган. Қийин кунларни бошидан кечириш Павлусни янада Худовандга яқинроқ бўлишга ва Унинг режаларини аниқроқ билишга ундаган эди. Унинг қамоқдалиги Худованднинг режаси эди ва Худонинг режаси Павлус орқали амалга ошди.

Римликларга мактубининг 8 боби 28 оятида шундай ёзилади: “Биз биламизки, Худони севганларга, яъни Худо Ўз мақсади бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади”. Павлус билан ҳам худди шундай бўлди. Шунинг учун азизлар, Худованднинг режаси ва ёвуз руҳнинг ишлари орасида катта фарқ бор. Буни адаштирмаслик жуда муҳим. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top