Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Микрофон қаршисида мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар,
Ҳар бир ибодатхонада болалар хизмати бўлиши лозим. Катталар Худовандга топиниши мумкин бўлганда, нима учун болалар Худовандни улуғламаслиги керак? Бундан ташқари, болалар ўзларининг кўплаб ўртоқларини ҳам ибодатхонага олиб келиши мумкин. Бу дегани, имонлилар сони янада ҳам кўпайиб боряпти деганидир.
Лекин болалар хизматини олиб борувчи ўқитувчи, албатта, Худованд томонидан қўйилган бўлиши керак. Болалар ўқитувчиси дарсларни жуда сифатли ва қизиқарли тайёрлаши керак. Акс ҳолда болаларнинг руҳий ўсиш ёки умуман ўсмаслиги ҳам яққол кўзга ташланиб қолади.
Болалар баъзи пайтларда шундай саволлар бериши мумкинки, ҳатто баъзи чўпонлар ҳам жавоб топишда иккиланиб қолиши мумкин. Ўз хизматини энди бошлаётган ўқитувчиларда кўплаб саволлар бўлиши мумкин. Масалан, болалар билан тавба ҳақида қандай суҳбат олиб боришни билмаслиги мумкин.
Баъзи пайтларда тажрибали ўқитувчилар ҳам суҳбат олиб боришга тайёр эмаслигини кўришимиз мумкин. Кимдир зўр ўқитувчи бўлиши мумкин ёки яхши дарс бера олиши мумкин. Лекин болалар Худованднинг олдида ўз гуноҳларини тан олиб тавба қилмоқчи бўлган пайтларида, ўқитувчи улар билан қандай суҳбат қилишни билмаслиги мумкин.
Кўпинча баъзи ўқитувчилар болаларни умумий тавба қилдирганини кўришимиз мумкин. Мен буни нотуғри, деб айтмоқчи эмасман. Лекин Худованднинг олдида тавба қилмоқчи бўлган инсон, майли, у хоҳ катта киши бўлсин, хоҳ кичкина бола бўлсин. Аввалом бор ҳар бири ўзининг гуноҳкор эканлигини чин юракдан англаб етиши лозим.
Шундагина тавба ибодати ҳам, Худованддан сўралган кечирим ҳам табиий равишда унинг оғзидан янграб чиқади. Ҳар бир тавба қилмоқчи бўлган бола билан албатта суҳбатлашиш керак. Балки у дўстини кўриб шуни хоҳлаётгандир. Ёки бўлмаса кимдир уни шундай йўл тутишга мажбур қилаётгандир.
Агар тавба қилиш табиий равишда бўлса, мен ишонаман, бола Раббимиз Исонинг ерга қайтиб келиш вақтигача имонда мустаҳкам тура билади. Шунинг учун ҳам бола билан суҳбат олиб бориш катта аҳамиятга эгадир. Ҳурматли ўқитувчилар, ўз гуруҳингиздаги болалар учун доимо ибодатда бўлинг. Айниқса ҳали гуноҳлари учун тавба қилмаган болалар бор бўлса, улар учун қилинадиган ибодат жуда муҳимдир.
Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди, яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.