3:00

Руҳий ғалаба 56

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли азиз радиомиз мухлислари. Сизлар билан яна ҳаво мавжлари орқали дийдор учрашиб турганимиздан миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек сиз, азизлар билан бир неча дақиқа давомида бирга бўламан. Дунёда спортнинг турлари кўпдир.

Мен яхши эслай оламан, агар телевизор орқали бокс кўрсатуви намойиш этилса, мен ва оиламизнинг бошқа аъзолари мириқиб томоша қилар эдик. Лекин онам ҳеч қачон боксни томоша қилмас эди. Агар ундан сабабини сўрасак, жуда ёмон спорт тури эканлигини айтар эди.

Балки ҳақиқатан ҳам шундайдир. Лекин яна бир спорт тури борки, у боксдан ҳам даҳшатлироқ бўлса керак, деб ўйлайман. Бу спорт турининг русча номи шундай: “Бой без правил.” Агар ўз тилимизга таржима қилиб кўрсак, ҳеч қандай қонун қоидаларсиз жанг деган маънони беради .

Азизлар, эҳтиёт бўлинг, бизнинг душманларимиз ҳам биз, масиҳийларга қарши айнан худди шундай жанг олиб боради. 2 Коринфликларга мактубининг 11 боби 13, 14 ва 15 оятларида шундай ёзилган оят мавжуд: “Бу каби одамлар — сохта ҳаворийлар, ҳийлакор хизматкорлардир, улар фақат Масиҳнинг ҳаворийлари қиёфасини оладилар.

Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Чунки шайтоннинг ўзи ҳам нурли фариштанинг қиёфасини олади. Демак, шайтоннинг хизматкорлари аҳли салоҳ қиёфасини олсалар, ажабланмаслик керак. Уларнинг оқибати қилмишларига яраша бўлади.” Ҳаворий Павлус шунга ўхшаш душманлар билан қандай жанг олиб бориш кераклигини жуда яхши билган.

Павлус олиб борган жанг нафақат ёвуз кучларга қаратилган эди. У ноҳақликка қарши, шайтонга қарши, шайтон бошқариб турган бошлиқларга қарши ва бошқа ёвузликларга қарши қаратилган эди. Павлус Масиҳга қилаётган хизмати даврида ўзига етказилган зиён ҳақида ҳам гапириб ўтган эди.

Павлуснинг ушбу гаплари Галатияликларга мактубининг 6 боби 17 оятида ёзиб қўйилган: “Бундан кейин ҳеч ким менга оғирлигини солмасин. Чунки мен Раббим Исонинг жароҳатларини ўз танамда олиб юрибман”. Павлуснинг ушбу гапларидан шуни билишимиз мумкинки, у Раббимиз учун доимо жанг олиб борган ва бундан кейин ҳам содиқ аскар каби жанг олиб боришга тайёрдир.

Азизлар, агар Худованд билан бирга юрган бўлсангиз, албатта ёвуз кучлар томонидан қаршиликларга дуч келасиз. Сабаби, ҳар қандай ёвуз кучлар ҳеч кимни Худованд билан бирга юришини истамайди. Шунинг учун ҳам бор кучи билан сизга ва менга қарши жангга отланади. Азизлар, шундай пайтларда жанг қилишга доимо тайёр туринг. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top