3:03

Мулойимлик

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчилар. Сиз азизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон қаршисида мен Ғолиббек. Азиз тингловчи, бошқалар билан бўладиган шахсий муносабатимиз тўғрисида гап борганида, ҳаворий Павлуснинг айтган гаплари биз учун катта аҳамиятга эга деб ўйлайман.

Павлуснинг ушбу сўзлари 2 Тимутий китобининг 2 боби 24 оятида келтириб ўтилган. Келинг азизлар, ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрамиз. Худонинг қули жанжалкаш бўлмаслиги керак. Аксинча, у ҳамма билан мулойим, ўргатишга тайёр, сабр-тоқатли бўлсин. Азизлар, биз масиҳийлар учун бир-биримизга нисбатан қарши бўлиш умуман ярашмайди.

Павлус ушбу оятда мулойим бўлинглар, деб айтмоқда. Бу дегани, биз барча инсонларга нисбатан мулойим бўлишимиз керак, фақатгина ким бизни ёнимизни олса эмас. Мулойим бўлиш дегани нима ўзи? Албатта барча инсонларга севги билан муносабатда бўлиш, уларни ижобий қўллаб-қувватлаш ва бир-биримизга ёрдам қўлини чўзишдир.

Худо биродарларимизга ва бошқа инсонларга қандай муносабатда бўлишимизни хоҳласа, шуларнинг барчаси мулойимлик деб айтишимиз мумкин. Она ўз фарзандига қанчалик мулойим муносабатда бўлса, худди шундай муносабатни бошқаларга биз ҳам кўрсата билишимиз керак.

Ўйлайманки, мана шу ўхшатиш биз масиҳийлар учун жуда мос келади. Бир инсон айтган экан, мулойимлик сизга фақатгина яхшиликдан бошқасини келтирмайди, деб. Мулойим бўлиш учун эса ҳеч нарса сотиб олиш шарт эмас. Бу нарса ҳар бир инсонда топилади, лекин уни кўпчилик ишлатишни унчалик ҳам хоҳламайди.

Мен хизмат юзасидан кўп инсонлар билан суҳбатлашишимга тўғри келади. Айримларга мулойимлик ҳақида гапирсангиз, ҳозир замон жуда оғир, шунинг учун ҳаракат қилган инсон яшай олади, мулойимлик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Инсонлар сенга қандай муносабатда бўлсалар, сен ҳам худди шундай йўл тутишинг керак деган жавобни тез-тез эшитишга тўғри келади.

Азизлар, бу дунёвий инсонларнинг фикри эди. Ахир ҳамма бир-бирига қўполлик билан муносабат қилса, бир-бирини алдасалар, мулойимлик ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди-ку. Замонамиз чиройли бўлиши учун ҳамма ишни ўзимиздан бошлашимиз керак. Ёмонликка ҳам яхшилик билан жавоб қайтариш мумкин.

Шунга ўрганиши ҳам керак. Ана шундагина инсонлар ўзгариб боради. Бунга ўрганиш анча қийин, лекин кимдир бошлаши керак-ку. Азизлар, келинг ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик. Ҳар бир биродар ўз оиласида шу нарсани амалга ошириш мумкин. Ҳар бир ибодатхона аъзолари эса ибодатхонада шундай муносабат қилиши мумкин. Қарабсизки, аста-секин мулойимлик дунёдаги инсонлар орасига ҳам кириб боради. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top