Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Сизлар билан яна радио орқали дийдор учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар,
Сиз кўп марта эшитган бўлишингиз керак, инсон гуноҳкор деган гапни. Бундай ачинарли ҳақиқатни эштиш ҳар биримиз учун осон бўлмаса керак. Ҳар бир инсон Одам Ато билан Момо Ҳаво содир этган гуноҳнинг бир бўлагини ҳозирги кунгача ўз танасида олиб юрибди. Гуноҳкор танада яшаш эса жуда мушкулдир.
Бу дунёда яшаган пайтимизда ундан тўлиқ воз кечишнинг умуман имкони йўқдир. Лекин бунданам ачинарли бир ҳолат мавжуд, яъни болаларимиз. Забур куйловчиси, Забур китобининг 50 боби 7 оятида шундай гапни гапиради: “Мен гуноҳкор бўлиб дунёга келганман, онам мени гуноҳ ичида туққан экан”.
Азизлар, шу оятдан тушунишимиз мумкинки, ҳар бир инсон ўз онасининг қорнида пайдо бўлган кундан бошлаб гуноҳкор саналади. Бола ҳали жуда кичкина бўлишига қарамай, унинг гуноҳкорлигини билиб олиш унчалик мушкул эмас. Кўпинча кичкина чақалоқларга қарасангиз, уларда эгоистик руҳни кўришимиз мумкин.
У фақатгина ётиб дам олади, шунга қарамай, ўз ота-онасидан тинимсиз талаб қилади. Агар овқат сал кечикса, йиғлаб жанжал кўтаради. Муқаддас Китоб инсонни гуноҳкор деб айтишига шу ерда яна бир бор ишонч ҳосил қилишимиз мумкин. Халқимиз орасида бир нотўғри фикр бор.
У ҳам бўлса: болалар беғубор, улар фариштадек тоза, болаларда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, деб айтишади. Лекин минг афсуслар бўлсин, бутун инсоният Худонинг кўз ўнгида гуноҳкор саналади. Шу жумладан болалар ҳам. Улар қанчалик чиройли ва ширин бўлмасин, болаларни гуноҳсиз деб айтолмаймиз.
Муқаддас Китоб инсонларнинг гуноҳкор эканликини айтади. Муқаддас Китоб эса бу ҳақиқат. Болаларнинг гуноҳкорлигича қолишини ҳеч бир масиҳий истамаса керак. Шундай экан, азиз биродарлар, келинг биргаликда уларга Худонинг нажот йўлини кўрсатайлик. Ўзбекистондаги, қолаверса бутун дунёдаги болаларнинг нажот олиши учун биргаликда хизмат қилайлик.
Ҳар бир тавба қилган бола жамоат аъзосидир. Орадан арзимаган вақт ўтиши билан улар ҳам худди сиз билан мендек инсонга айланадилар. Азизлар, улар ёшлигидан Худони олқишлашни ўрганишсин. Болалар учун биргаликда ибодат қилайлик. Матто китобининг 18 боби 14 оятида айтилганидек: “Шунга ўхшаб, осмондаги Отангиз бу кичиклардан бирининг ҳам ҳалок бўлишини истамайди”.
Шунинг билан азизлар бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди, яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.