3:16

Ваъз 166

MP3

Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи дўстлар. Эфирда сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Бугунги эшиттиришимиз орқали, азизлар, сиз билан Худованднинг каломи билан бўлишмоқчимиз.

Муқаддас Китобда шундай оят мавжуд: “Мен билан бирга қувонинглар, мен йўқолган қўйимни топдим”. Луқо 15 боб 6 оят. Масиҳнинг ердаги ҳаёти вақтида кўпчиликнинг қўйлар подаси бўлган ва улар чўпонлик қилишар эди. Чўпон доимо ўз подаси билан бирга бўлар эди.

У уларни яйловларга олиб борар, улар учун майин, ям-яшил ўтлоқ топар ва уларни суғориш учун тоза сувларга етаклар, иссиқдан сақланиш учун соя жойлар топиб, дам олишар эди. У қўйларини номма-ном чақирар ва уларни яхши кўрар эди. Кечалари у уларни ўғрилар, йиртқич ҳайвонлар ўғирлаб кетмаслиги учун қўриқлаб ётар эди.

Исо Масиҳ юзта қўйга эга бўлган шундай бир чўпон ҳақида айтиб берди. Чўпон диққат билан уларни кузатди, лекин биттаси йўқ эди. Чўпон буни сезиб қолганидан кейин 99тасини қўрада қолдириб, битта адашганини топиш учун кетибди. Унинг шундай хам кўп моли бор, ўша биттани топиш учун безовта бўлиб нима қилади?

Лекин у ўша қўйни севар эди ва уни қутқаришни жуда истарди. Ҳар ҳолда бу осон эмас эди. Чўпон ўткир қояларга тиришиб-тирмашиб чиқиб совуқ оқимлар, тоғлар орқали даралардан ўтибди. У ерда ёввойи ҳайвонлар — бўрилар, турли хил ёввойи ҳайвонлар бўлиши мумкин эди.

Чўпоннинг эса фақат ҳимояланиш учун таёғи бор экан холос. Лекин чўпон фақат олдинга қараб кетаверибди. Қўйини қидириб, отини айтиб чақирибди. Шунда бирданига олисдан заиф маърашни – ёрдамга чақираётган овозни эшитиб қолибди. Чўпон бу чақириқни эшитиб шундай хурсанд бўлибдики, асти қўяверинг. Чўпон дарҳол овоз чиққан томонга қараб югурибди.

У хурсандлигидан ўзининг очлигини ва чарчаганлигини ҳам унутиб, дарров қўзичоқни елкасига олиб, уйи томонга қараб шошилибди. Уйига етиб келгач, ўзига яқин бўлган дўстларини чақириб, топилган қўзичоқ учун дарров хурсандчилик бошлаб юборибди. Раббимиз ушбу матални гапириб беришидан мақсади, одамларни назарда тутган эди.

Биз инсонлар гуноҳ туфайли Худодан айрилдик ва Унинг олдига қайтиб келиш йўлини йўқотдик. Ишаъё китобининг 53 боби 6 оятида: “Биз ҳаммамиз қўйлар каби ўз йўлларимизга тарқалиб кетдик”, деб айтилади. Янги Аҳд китобининг Матто китоби 18 боби 11 оятида эса, Инсон Ўғли адашиб гумроҳ бўлганларни қутқариш учун келган, деб ёзилган.

Худди ўша чўпонга ўхшаб, Раббимиз Исо Масиҳ бизларни Худога қайтариш, қидириб топиш учун ер юзига келди. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top