Ассалому алайкум азиз радио тингловчи. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Римликларга мактубининг 12 боби 1 ва 2 оятларини биргаликда ўқиб кўрсак.
“Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати хақи сизларга ёлвораман: Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар. Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар”.
Ўзини Худога манзур қурбон қилиб бағишлаш дегани нима? Бу дегани Худо учун чин юракдан руҳий хизматни олиб боришдир. Бошқача айтадиган бўлсак, ўзини Худога фойда келтирадиган киши сифатида бағишлашдир.Азиз дўстим, агарда сизнинг қилаётган хизматингиз унчалик ҳосил келтирмаётган бўлса ва сиз хизматингизни янада ривожланиши учун бор кучингиз билан берилмаётган бўлсангиз,
шуни билингки, ҳали сиз ўзингизни Худо учун тирик қурбон қилиб бағишламагансиз. Худога тўлиқ хизмат қилиш — Раббимиз Исо Масиҳга ўзини тўлиқ бағишлашнинг давомидир. Кўпчилик биродарларимиздан шуни эштамизки, Худога ўз ҳаётларини бағишлаганлар, лекин шунга қарамай, ҳеч қандай ҳосилдан дарак йўқ. Ўзларини тўлиқ Худо учун тирик қурбон қилиб бағишлаган имонли биродарларимиз, ўзларига қанчалик оғир бўлишига қарамай, иккиюзламачилик қилмасдан, ўзларини Худога бағишлай олишлари керак.
Мана шу бағишланаётган тирик қурбонлик нафақат тирик бўлиши, балки муқаддас ҳам бўлиши шарт. Юнон тилидаги “муқаддас” сўзи шундай маънони билдирадики, яъни ажратилган ва гуноҳдан озод бўлган, тоза деган маънони билдирар экан. Римликларга китобининг 6 боби 13 оятида ҳаворий Павлус шундай деб айтади:
“Аъзоий баданингизни ёмонлик қуроли қилиб гуноҳнинг измига топширманглар.
Аксинча, ўлиб тирилганлар каби ўзингизни, яъни бутун аъзоий баданингизни солиҳлик қуроли қилиб Худонинг измига топширинглар”. Минг афсус билан шуни айтишимиз керакки, айрим биродарларимиз Худо учун ажратилган бўлишнинг ўрнига, жамиятда жуда мойли жойга яхшигина ўрнашиб олганлар. Шундай биродарларимиз Худога хизмат қилишни хоҳлайдилар, агар Худо учун вақти бўлса ёки телевизор орқали яхши кўрган кўрсатувлари бўлмаётган бўлсагина.
Ўйлайманки, бундай хизмат ўзини Худо учун тирик қурбон қилиб бағишлашга кирмайди. Азизлар, Худога қилаётган хизматимиз табий ва чин юракдан бўлса, жуда чиройли ва кўп ҳосил келтирадиган хизмат бўлади, деб сизларни ишонтира оламиз. Азиз радио тингловчи, ўзингизни қизиқтирган саволларга бизнинг интернет сайтимиздан жавоб олишингиз мумкин. Бизнинг сайт манзилимиз: www.najot.com Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.