3:17

Руҳий ғалаба 74

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сизлар билан радио эфир орқали ғойибона бўлса-да учрашаётганимиздан Худовандимизга миннатдормиз. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Римликларга мактубининг 12 боби 2 оятидаги оят билан бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз.

“Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар”. Инсоният тарихига назар соладиган бўлсак, дунёда инсонларнинг фикрлари, қарашлари, умид ва мақсадлари турли хилдир ва тез-тез янгиланиб туради.

Дунё — бу шайтонинг энг олий даражадаги қуролидир. У дунёдаги турли хил васвасалар орқали энг кучли масиҳий биродаримизни ҳам йўлдан оздириши мумкин. 1 Юҳанно китобининг 5 боби 19 оятида шундай оят мавжуддир.

“Биламизки, бизлар Худоданмиз, бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир”.

Ҳар қандай масиҳий ҳам дунёга ва ундаги турли хил эҳтиросларга берилиши, Масиҳда янги инсон бўлиб ўсишига катта қаршилик қилади. Биз Масиҳда янги инсон бўлганимиздан кейин иложи борича ақл ва идрокда ҳам янги инсонга айланишимиз лозим.

Юқорида римликларга китобидан келтириб ўтган оятимиз айнан шу фикримизнинг тасдиғи бўла олади, деб айтишимиз мумкин. Юнон тилидаги metamorfoo фъели шундай маънони билдиради: бошқача кўринишга эга бўлмоқ, ўзгармоқ деган маъно. Муқаддас Китобда биз ўзгаришимиз ва янгича ҳаёт кечиришимиз ҳақида иложи борича муқаддас ҳаёт кечиришимиз ҳақида кўп бора таъкидланган.

Асло танавий эҳтиросларга берилмаслигимиз керак. Агар биз, инсонлар, онгимизни фақатгина Худонинг каломи билан тўлдирсак, Муқаддас Руҳ бизни Масиҳ каби яшашимиз учун кўмаклашади. 2 Коринфликларга мактубининг 3боби 18 оятида айтилади: “Биз ҳаммамиз очиқ юзимиз билан, кўзгуга қарагандай, Раббимизнинг улуғворлигига қараб турибмиз.

Улуғворликдан улуғворликка қараб ўтганимиз сари, Раббимизнинг суратига томон ўзгармоқдамиз; бу эса Раббимизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда”. Фақатгина руҳан тетик ва соғлом бўлган масиҳийгина дунёга ва ундаги васвасаларга ҳамда шайтонга қарши тура олади. Масиҳийлик оламида кўплаб турли хил васвасаларга ва турли руҳий жангларга дуч келишимиз мумкин.

Бундай курашда, албатта, руҳан кучли бўлган биродаргина ғолиб бўлади. Ғолиб бўлиш учун эса доимо Худованднинг кўрсатган йўлидан юра олишимиз керак экан. Азиз биродарлар, агар истасангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни бизнинг электрон манзилимизга йўллашингиз мумкин. Имкон қадар сизга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Бизнинг электрон манзилимизни яна бир бор сиз, азизларга, эслатиб ўтмоқчимиз: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top