3:16

Руҳий ғалаба 78

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна ҳаво мавжларида сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон қаршисида эса мен Ғолиббек. Бизни бошқариб турадиган жуда кўп ва турли гуноҳлар мавжуд. Агар бу гуноҳларни номма-ном санайдиган бўлсак, бизга бир неча соат керак бўлади.

Ҳар қандай инсон, айниқса масиҳий биродарлар, гуноҳнинг танамиз устидан ҳукмронлик қилишига асло йўл қўймаслигимиз керак. Бирор кишини гуноҳдан озод бўлиш сари қадамма-қадам бошлаб бормоқчи бўлсангиз, албатта, шу инсон учун доимо ибодат қилинг. Муқаддас Китоб гуноҳлар ҳақида ва гуноҳли қилмишларнинг узундан-узоқ рўйхатини келтириб ўтади.

Агар биз мунтазам гуноҳ қилаверсак, бу гуноҳ қандай бўлишидан қатъий назар, унга қул бўлиб қоламиз. Гуноҳга қул бўлиб қолгандан сўнг ундан осонлик билан қутилиш амримаҳолдир. Аммо биз озодликка эришишимиз мумкин бўлган йўлни қидириб топишимиз керак. Қуллик билан озодлик ўртасидаги фарқни ҳаммамиз яхши тушуна олсак керак.

Ҳазрати Исода ҳақиқий озодликка эришиш учун биз Ёқуб китобининг 4 боби 7 оятида айтилган сўзларга амал қилишимиз керак. Бу оятда шундай сўзлар бор: “Шундай қилиб, Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади”. Биз гуноҳларимизга тавба қилиш ва иқрор бўлиш орқали Худога бўйсунамиз. Иблиснинг ёлғонларини инкор қилиб, унга қарши чиқамиз.

Шундан сўнг биз ҳақиқат нурида юрамиз ва Худонинг барча қурол-аслаҳалари билан қуролланамиз. Тавба қилиш — бу шунчаки: “Кечирим сўрайман”, деб айтиш эмас. Тавба қилиш “мен буни қилдим” деб, қилган гуноҳига очиқ-ойдин иқрор бўлишдир. Маълум бир гуноҳингизга иқрор бўлиб, тавба қилганингиздан сўнг, шундай деб дуо қилинг:

“Раббим, мен ҳозир бу гуноҳларимни Сенинг олдингда эътироф этиб, улар учун тавба қиламан ва Ҳазрати Исонинг қони билан поклашингни Сендан сўрайман. Мен ўз ихтиёрим билан қилган гуноҳ туфайли ёвуз кучлар эгаллаб олган ҳар бир ерни яксон қилиб ташлайман. Мен Раббим ва Нажоткорим бўлган Ҳазрати Исонинг ажойиб исми билан дуо қиламан. Омин”.

Гуноҳлар авлоддан-авлодга ўтиб келади. Сиз аждодларингиз гуноҳидан фориғ бўлиб, Худодаги руҳий меросингизни эътироф этишингиз зарур. Ҳеч ким ўз аждодларининг гуноҳи учун айбдор эмас. Ҳар кимнинг ўзига яраша кучли ва заиф томонлари бўлганидек, гуноҳ туфайли сиз шайтоннинг ҳужумларига дош беролмайдиган даражада ҳимоясиз ва заиф бўлиб қоласиз. Худо сизга оилангизга хос бўлганми ёки бошқа бир гуноҳларни кўрсатган заҳоти, дарҳол дуо қилиб, бу гуноҳдан узил-кесил воз кечинг. Азизлар, қўшимча маълумотлар учун интернетдаги бизнинг сайтимизга мурожаат қилишингиз мумкин. Бизнинг манзил: www.najot.com Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top