Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи дўстлар. Эфирда сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Азизлар, масиҳийлик ҳаётимиз даврида ҳар биримизда қачонлардир катта ёки кичкина муаммолар содир бўлиши аниқ.
Ана шу муаммолар ҳаётимизнинг турли бурчакларида содир бўлиши мумкин. Биз инсон бўлганимиз учун ҳам қачон ва қай пайтда нима содир бўлишини олдиндан билолмаймиз. Масалан: оилавий муаммолар бўлиши ёки фарзандларимизнинг қулоқсизлик муаммолари, яна энг яқин кишиларимизнинг оламдан ўтиши ҳам масиҳийлик ҳаётимизга ўзининг ёмон таъсирини ўтқазиши мумкин.
Кўп мамлакатлардаги сингари оила бошлиғининг ўз ишидан ажралиши эса, менимча, энг катта муаммолардан бири бўлса керак. Бундан ташқари, агар танамизда қандайдир давосиз касаллик борлигини аниқласак, янада руҳан тушиб ҳафсаламиз пир бўлади.
Мана шундай кутилмаганда содир бўладиган фалокатлар ўзининг ёмон таъсирини албатта инсонларга ўтқазади. Лекин асосийси, мана шу кулфатларга берилиб қолмаслик зарур. Доимо ёдимизда тутишимиз керак-ки, Худованд биз, инсонларни, яъни Ўз фарзандларини оғир пайтларда ҳеч қачон ташлаб қўймайди.
Биздан бутун дунё, яқинларимиз юз ўгириши мумкин, лекин Худованд бизни бир дақиқага бўлса-да қийин пайтларда асло ташлаб қўймайди. Азиз биродарлар, агар кимдадир муаммолар борлигини билсангиз, шу биродарга ёрдам беришга ҳаракат қилинг. Бир оғиз ширин сўзингизни биродарингиздан аяманг.
Балки муаммоси бор инсон хали ўз ҳаётини Масиҳга ишониб топширмаган киши бўлиши ҳам мумкин. Майли, ёрдамимизни улардан ҳам аямайлик. Бир оғиз ёмон сўз орқали инсоннинг умрини барбод қилиш ҳам мумкин, лекин бир оғиз ширин сўзингиз бир инсонни катта гуноҳ қилишдан ва кўплаб муаммолардан асраб қолиши ҳам мумкин.
Яқин биродаримиздаги муаммога худди ўзимизнинг муаммомиз каби қарасак, уларга ёрдам қўлини чўзиш янада осонроқ бўлади. Ҳаттоки шу биродар учун ибодат қилишингиз, унинг ҳаётида катта ўзгаришлар қила олишига ишона олишингиз керак. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ўзингиздаги бўлган муаммоларингиз ва сиз билган биродарларингизнинг муаммолари ҳақида бизга ёзиб юборинг.
Бизнинг манзил: dilkash@najot.com Азиз биродарлар, агар сизларнинг муаммоларингиз ҳал бўлишида биз оз бўлса-да ўз ҳиссамизни қўша олсак, бизнинг қилаётган хизматимиз беҳуда эмаслигига яна амин бўламиз. Бир-биримиз учун доимо ибодатда бўлайлик. Шунда Худованд барчамизни янада марҳаматлайди. Азиз биродар, ўзингиздаги муаммоларни доимо Худовандга топширишга ўрганинг. Бизларнинг душманимиз устимиздан ғалаба қилишига йўл қўймайлик. Худованд билан доимо ғолиб келишимиз янада аниқдир. Хайр саломат бўлинглар.