3:40

Хафагарчилик ва кечирим

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Дастуримизга хуш келибсиз. Микрофон қаршисидан дойимгидек мен Зафарбек. Азизлар, бугун биз сиз билан бирга Худонинг ҳақиқати бўлмиш Муқаддас Каломга сафар қилиб қўлларимизни очиб Парвардигоримизга ибодат қиламиз. Бугун биз азиз хаворий Павлус Коринфдаги имонлиларга йўллаган иккинчи мактубида тўхталиб ўтамиз. Шундай қилиб, мен кўнглимда ёнингизга яна хафагарчилик билан келмасликка қарор қилдим. Агар мен сизларни хафа қиладиган бўлсам, хафа қилганларимдан бошқа кимлар ҳам мени овунтира оларди? Мен ҳам олдиндан шунинг учун сизларга ёздимки, ёнингизга келганимда мени хурсанд қиладиган одамлардан хафагарчилик кўрмайин. Чунки ишончим комилки, менинг севинчим ҳаммангизнинг севинчингиздир. Мен сизларни хафа қилиш учун эмас, балки сизларга бўлган чексиз муҳаббатимни сезишингиз учун чуқур қайғу ва юрак изтироби ичида ҳамда тўхтовсиз кўз ёшлари билан ёздим. Агар ким хафа қилган бўлса ҳам, мени эмас, муболаға қилмасдан айтяпманки, деярли ҳаммангизни хафа қилган бўлади. Хафа қилган одамга кўпчилик томонидан берилган бундай жазо етар. Шунинг учун энди бу одам ҳаддан ортиқ хафа бўлмаслиги учун, уни кечириб тасалли беришингиз маъқулдир. Ҳа, унга бошқатдан муҳаббат қўйишингизни илтимос қиламан. Сизлар ҳар ишда итоатли бўлганингизни амалда билиш учун сизларга ёздим. Бирор кишини бирор нарса хусусида кечирсангизлар, мен ҳам кечираман. Мен кимни кечирган бўлсам, уни сизлар учун, Масиҳнинг ҳузурида туриб кечирдим. Зинҳор шайтоннинг панд беришига йўл қўймайлик, унинг фитналаридан хабарсиз эмасмиз-ку.

Масиҳнинг Хушхабарини етказиш учун Троас шаҳрига келганимда, Раббим менга бир эшик очиб берган эди. Шунга қарамай, руҳим тинч эмас эди, чунки биродарим Титусни у ерда топмаган эдим. Ниҳоят уёқдагилар билан хайрлашиб, Македонияга жўнадим. Худога шукр! У бизни доимо Масиҳнинг тантанали юришида олиб бораётир ва биз орқали ҳар ерда Ўз ҳақидаги билимнинг хуш бўйларини тарқатаётир. Биз халос бўладиганларнинг ҳам, ҳалок бўладиганларнинг ҳам орасида Худо шаънига таралаётган Масиҳнинг хуш ҳидимиз. Бу – ҳалок бўладиганлар учун ҳалокатли ўлим ҳидидир, халос бўладиганлар учун эса яшатувчи ҳаёт ҳидидир.

Бундай масъулиятга ким лойиқ?  Мана биз кўпчилик қилаётгандай, Худонинг каломини бозорга солмаймиз. Аксинча, Худо томонидан юборилган ва Масиҳ хизматида бўлган кишилардек, Худонинг кўзи олдида соф кўнгилдан воизлик қилмоқдамиз. Азизлар, ҳаворий Павлус Худога бўлган хизматида анча қийинчилик, азоб-укубатлардан ўтган. Лекин шунга қарамасдан Худонинг Рухи У билан бирга бўлган. Келинг биз хам қўлимизни очиб, Раббимизга, одамзоднинг Халоскорига ибодат қилайлик. Азиз Отажон, Сенинг исминг улуғлансин. Сенинг шохлигинг келсин. Худойим, биз тез тез ҳафа бўламиз. Сабаблар ҳар хилдир. Ҳафа бўлиш қўлимиздан келади, биз бунинг мохир устасимиз. Лекин Худойим, биз Сендан бизга кечиришни ўргатишингни сўраймиз. Биз хам бизни ҳафа қилган одамларни кечириб улар учун ибодат қилишни ўрганайлик. Сен билан бирга кечаётган хаётимизда бизни хафа қилган, азоб укубатларга солган одамларни кечиришни билиш биз учун жуда мухимдир. Худойим, бизга кечиришни ўргат. Душманларимиз учун ибодат қилишни ўргат. Қандай вазият бўлишидан қатъий назар барча бизни ҳафачиликка соладиган одамлар учун ибодат қилиб уларни кечиришни билайлик. Худойим, фақат Сен бунга қодирсан, фақат Сен орқали биз уларни кечира оламиз. Худойим, Сенинг исминг улуғлансин. Бутун олам Сенинг севгингни билсин. Омин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top