Ассалому алайкум азиз радио тингловчи ака-ука ва опа-сингиллар. Дастуримизга хуш келибсиз. Микрофон қаршисида дойимгидек мен Зафарбек. Азизлар, бугун хардойимгидек биз Муқаддас Каломга сафар қилиб у ердан баъзи оятларни ўқиймиз. Ундан ташқари қўлларимизни очиб Муқаддас Худога ибодат қиламиз. Бугун азизлар, мен азиз хаворий Павлус Коринфликларга йўллаган иккинчи мактубидан оятларни сизга хавола қилмоқчиман. Биз Худонинг марҳамати билан бундай хизматга мушарраф бўлиб, умидсизланмаймиз. Лекин сирли ва уят ишларни рад этиб, ҳийла билан ҳаракат қилмаймиз, Худонинг каломини бузмаймиз. Ҳақиқатни очиқ-ойдин қилиб, Худо ҳузурида ўзимизни ҳар бир инсоннинг виждонига тақдим этамиз. Бордию Хушхабаримиз ёпиқ бўлса, у ҳалок бўладиганлар учун ёпиқдир. Худонинг тасвири бўлган Масиҳнинг улуғвор Хушхабарининг нурини одамлар кўрмасин деб, бу дунёнинг тангриси имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилган. Биз эса ўзимизни эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳни тарғиб қилмоқдамиз; биз – Исо йўлида сизларнинг қулларингизмиз холос. Худо ибтидода: «Қоронғуликдан нур порласин», – деб қандай буюрган бўлса, энди Ўзининг нури билан бизнинг юракларимизни ҳам шундай ёритди, Исо Масиҳ сиймосида порлаб турган Ўзининг улуғворлигини бизга кўрсатди. Бу улуғвор хазинани эса биз сопол идишларда олиб юрибмиз, токи бу олий қудрат бизга эмас, Худога мансуб эканлиги кўриниб турсин. Биз ҳар томонлама жабрланамиз, лекин эзилмаймиз. Мушкул аҳволда қолдик, аммо умидимизни йўқотмаймиз. Қувғинга учраймиз, лекин иложсиз эмасмиз. Ерга қулаймиз, аммо яксон бўлмаймиз. Исонинг ҳаёти баданимизда намоён бўлиб турсин деб, Унинг ўлимини доим баданимизда олиб юрибмиз. Бизнинг фоний баданимизда Исонинг ҳаёти намоён бўлсин деб, биз, тириклар Исо учун ҳамиша ўлимга топширилмоқдамиз. Шундай қилиб, ўлим бизда, ҳаёт эса сизда амал қилмоқда. Забурда: «Ишонганим учун гапирдим», – деб ёзилган. Биз худди шу имоннинг руҳига эгамиз ва ишонганимиз учун гапирамиз. Биламизки, Раббимиз Исони тирилтирган Худо бизни ҳам Исо билан бирга тирилтиради ва сизлар билан бирга Ўз ҳузурида турғизиб қўяди. Буларнинг ҳаммаси сизлар учун содир бўлмоқда, токи Худонинг инояти яна кўпдан-кўп одамларга ўтсин, шу тариқа Худонинг ҳамду саноси янада ошиб, тиллардан тушмайдиган бўлсин. Шунинг учун ҳам умидсизланмаймиз. Гарчи зоҳирий вужудимиз ҳар қанча хазон бўлаётган бўлса-да, ботиний вужудимиз кундан-кунга янгиланяпти. Бу ўткинчи ва арзимас қайғуларимиз биз учун ҳаддан ташқари ажиб, катта ва абадий улуғворлик ҳосил қилади. Чунки биз кўзга кўринадиган нарсаларга эмас, кўзга кўринмайдиган нарсаларга қараймиз. Кўринадиганлари муваққат, кўринмайдиганлари эса абадийдир. Мана азизлар, энди гал ибодатга. Азиз Отажон, нажотинг учун миннатдорман. Худойим, мен Исо Масихнинг қилган қурбонлигига арзийдиган фарзандинг бўлишни истайман. Мен Исо Масих ҳақиқатини юрагимда ҳазина қилиб сақлашни истайман. Хаётимнинг хар бир дақиқаси Сени улуғлаш учун бағишлансин, барча қилган ишларим, барча гапирган гапларим Сени улуғласин. Фақат Сен менга ёрдам бера оласан. Фақат Сенга умид боғлашни истайман. Фақат Сен билан бирга яшашни истайман. Чунки Сен ҳақиқий Худосан. Чунки Сен севги Худосисан. Фақат Сенинг менга бўлган Севгинг орқали нажот топдим, фақат Сенинг Буюк Режанг мени гунох жаридан чиқариб олди. Худойим, Каломингни юрагимда сақлашни истайман, Уни ҳақиқий ҳазина қилиб юрагимга солиб қўйишни истайман. Худойим, Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдим. Омин!