Ассалому алайкум. Ташвишланиш ҳам мавзу бўлибдими, деб ўйлаётгандирсиз. Албатта мавзу бўлишга арзийди. Ишли одам, қандай ҳолатда ишлашни ҳам билиши керак. Меҳнат қилишнинг энг яхши одати бу: иш столининг тоза ва тахт туришидир. Биз эркаклар кўпинча бунга эътибор қилмаймиз. Иш столимиз ёйилиб ётса ҳам йиғиштириб қўйишга, вақт ва куч сарфлашни истамаймиз. Бироқ уйга келганда, хонадонимиз тоза туришини аёлимиздан талаб қиламиз. Демак тозаликни ёқтирамиз. Фараз қилайлик, ишга келиб, хонангизни очдингиз, тўғрида иш столингиз устида турли хил қоғоз ва хужжатларга кўмилган ҳолда турибди. Бу кўриниш сизда ёқимсиз ҳис уйғотади. Буни кўпинча сезмасангиз ҳам, аслида шундай. Фақат ишингизни тезроқ бошлаш учун ҳам бунга эътибор қилмайсиз, холос.
Ундан ташқари столингиздаги тартибсизлик иш унумингизга ҳам ёмон таъсир қилади. Излаган нарсангизни вақтида тополмайсиз, қўйган нарсаларингиз йўқолиб қолади. Бу нарсалар сизнинг асабингизни таранглаштиради, ташвишга қўяди. Лекин бу ҳаммаси эмас. Стол устида кеча ва ундан олдинги кунлардан қолган бажарилмаган ишлар турибди. Булар ҳам сизни ташвишлантиради. Иш кўпаяверади, ҳаммасини бажаришга эса вақтингиз етмайди. Шундай қилиб, қилинмаган ишлар сони ўсаверади. Ташвишланиш эса қон босимини оширади, юракнинг бир маромда ишлашини бузади, ошқозонда яра пайдо қилади. Қандай қилиб, иш столини тартибга келтириш мумкин. Шу ўринда бир ҳикояни эшитинг: Бир киши руҳшунос ҳузурига келибди. Бироқ гапини бошлашга улгурмай, қўнғироқ жиринглабди, доктор телефонга жавоб берибди. Яна оғиз жуфтлаган заҳоти, котиба кириб, бир муаммога ёрдам сўради, доктор ўша ондаёқ жавобини ҳам берди.
Кейин яна қўнғироқлар, доктор ҳаммасига аниқ ва тиниқ жавоб бериб, ортиқча саволга ҳожат қолдирмаётган эди. Ниҳоят доктор мижозга ўгирилиб, уни эшита олмаганидан, куттириб қўйганлигидан ҳижолаб бўлиб узр сўради. Мижоз эса хохолаб кулди-да, раҳмат айтиб кабинетдан чиқиб кетди. Ҳа, айтгандек мижоз кириб келганидаёқ, докторнинг иш столи батартиб эканига кўзи тушганди. Олти ойдан сўнг ўша мижоз яна ўша доктор ҳузурига келибди. Бу сафар у анча ўзгарганди. У биринчи сафар нега кулганини биласизми? Докторни кузатиш асносида у ўзининг хатосини тушуниб етганди. Унинг кабинетида бир эмас иккита стол бўлиб, иккаласи ҳам хужжатлар, керакли ва кераксиз қоғозларга тўла эди. У кабинетига қайтиб бориб, кераксиз, бир неча йиллик хужжатларни ахлат челакка улоқтирди.
Ҳамма ишларни ўз вақтида чўзмасдан қилишга ўрганди. Столининг усти тоза турадиган бўлди. Меҳнатдан одам ўлмаган, деган мақолни эшитгансиз. Бу ҳақиқатдан ҳам тўғри. Европаликлар ҳам шу фикрга қўшилишар экан. Киши меҳнатдан эмас, асабий зўриқишлар ва тинимсиз ташвишланишлардан ўлиши мумкин экан.
Мана сизга бир маслаҳат, ҳар бир ишингизни муҳимлигига қараб, ўз вақтида бажаришга одатланинг. Шунда бажарилмаган ишлар тахланиб қолмайди.
Онангиз ёшлигингиздан эрта турсанг кунинг баракали бўлади, деб айтгани аниқ. Сиз ҳам шундай қилинг. Эртароқ туриб, кунингизни режалаштиринг. Иш столингиз тоза бўлиб, ҳамма ишларингиз вақтида бажарилса, асабийлашмайсиз ва ташвишга ҳам хожат қолмайди.