MP3

Ассалому алайкум. Сиз танқидга қандай қарайсиз? Баъзида сизнинг ортингиздан айтилган гапларга-чи? Кўпчилик ўзларига қарата айтилган, танқид ва хақорат гапларни юрагига яқин олиб, ғазабланади. Баъзида бу танқидлар кўп ҳам аҳамиятга эга бўлмаган гаплардан иборат бўлади. Бироқ одамлар бу гапларни ҳаддан ортиқ юракларига яқин оладилар. Бу танқидлар орқали юрак ҳасталигига чалинганлар ҳам йўқ эмас. Биз яшаб ўтган йилларимизга қараб, бизни танқид қилганларга нисбатан бўлган муносабатимизни эслаймиз. Мен ҳам баъзан-баъзан шундай қиламан. Кейин эса қилган ишларимдан уяламан. Тасаввур қилинг, сизнинг корхонангиз ёки ишингиз ҳақида миш-мишлар тарқалиб қолди. Нима қиласиз? Миш-миш тарқатган одамга нисбатан нафратингиз кучаяди, ғазаб отига минасиз. Бу сизнинг шунчалик ғазабланишингизга арзимайди аслида. Ўша пайт хиссиётларингизга эргашиб, ғазабланасиз. Яхшироқ ўйлаб қарасангиз, бу гап-сўзлар бир неча ҳафтадан кейин ўтиб кетади. Нима сизнинг-ча, одамларни шу нарса қизиқтирадими? Одамларни сизнинг ҳаётингиз эмас, ўзининг ҳаёти қизиқтиради. Уларнинг ўз муаммолари, ўз иши, ўз ташвишлари бор. Улар ҳар доим ўз ҳаётлари ҳақида ўйлайдилар. Улар учун сизнинг ҳақингиздаги гап-сўзлар аҳамиятли эмас. Шунинг учун сиз ҳақингиздаги танқидни кўп ҳам юрагингизга яқин олманг.

Ҳатто энг яқин кишиларингиз сиз ҳақингизда бўлмағур гаплар айтган бўлса ҳам, кимгадир танқид қилган бўлса ҳам, ўз-ўзингизга куюниб ўтирманг. Инсон зоти ўзи шунақа деб қўяверинг. Ҳаддан ортиқ юрагингизга яқин олманг. Бу пайтда Исо Масиҳ ҳақида ўйланг. Билсангиз унинг яқин шогирдларидан бири Уни тахминан ҳозирги пулга чаққанда 19 долларга сотган. Яна бошқа бири эса уни ҳукм қилишаётган пайтда, бу одамни мутлақо танимаслигини айтиб, ундан тонган. Бошқалари эса Уни хибсга олишганда, ўз ҳаётларини афзал билиб, тумтарақай қочиб қолишган. Бу ишни қилганлар Исо Масиҳнинг яқин шогирдлари, ҳар куни бирга еб-ичиб юрадиган ҳамроҳлари, дўстлари эди. Ҳозир деярли бутун дунё биладиган Исо Масиҳга шундай муносабатда бўлишган экан, сиз бундан ортиғини кутманг.

Кўпинча сиз-у, бизни ноҳақ айблайдилар, танқид қиладилар. Бундай ноҳақ айбловларга табиийки, ғазабланамиз. Асло ундай қилманг! Ҳар қандай танқидларга ҳам жавоб беравериш ярамайди. Кўпинча уларга эътибор қилмаган маъқул. Агар юрагингизда бирор иш қилишни истасангиз-у, бироқ одамларнинг бунга ёмон фикр билдиришларидан қўрқсангиз, ютқазасиз. Агар чин-дилдан бу ишнинг тўғри эканига ишонсангиз, одамларнинг танқидларидан қўрқманг. Шу ишни қилинг. Агар бир ишни ўзингиз истаганингиздай қилсангиз, танқид қилишади, қилмасангиз ҳам танқид қилишади. Шунинг учун ўзингиз истаганингизча иш тутинг.

Бир одамни хато қилишда ноҳақ айблаб, бир гурух ишчилар, уни ариққа отишибди. У нима қилган деб ўйлайсиз? Улардан ғазабланиб, бақира кетган, ва ноҳақ айблашаётганларини айтиб, олишган деб ўйлайсизми? Йўқ. У шунчаки хо-холаб кулган. Хо-холаб кулган одамни бирор нарсада айблаб бўладими? Кейинчалик уни ариққа отганлар ноҳақ бўлганликларини тан олишган.

Сиз Американинг машхур президенти Абрам Линколн ҳақида эшитгансиз-а!? Ҳатто ўшандай одамга ҳам танқидли ва ҳақоратли хатлар келган. У бундай хатларни нима қилган? Ундан бу ҳақида сўрашганида, у шундай жавоб берган: «Агар мен уларнинг ҳар бирини ўқийдиган бўлсам, бошқа ишларга вақтим қолмайди, шунинг учун ҳам уларнинг жойи ахлат челакда деб ўйлайман».

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top