3:52

Бирга ибодат қилиш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, ибодат мавзуси хар бир нажот топган имонликнинг хаётида жуда мухим рўл ўйнайди. Хатто хазрати Исо Масих хам, ўз шогирдларига “Ибодат қилиб туринг!” деб айтган. Албатта, имон билан айтилган ибодат катта куч-қудратга эгадир. Ибодат қилишга келсак, ибодат қилиш учун маълум бир жой талаб этилмайди, уни истаган жойда амалга оширсангиз бўлади. Ибодатнинг мухим жараёнларидан бири, бу уни бошқа имонли биродарлар билан бирга ибодат қилиб Худога шукурона айтишдир. Келинг Исо Масих бу масалада нима дейди, Матто хушхабарининг 18чи бобида қуйидаги оятларни ўқиймиз.

«Агар биродаринг сенга қарши гуноҳ қилса, унинг олдига бориб, фақат юзма-юз гапириб, айбини унга кўрсат. Агар сенга қулоқ солса, сен биродарингни қайтариб олган бўласан. Агар сенга қулоқ солмаса, ўзинг билан яна бир ёки икки кишини олиб бор, токи Тавротда ёзилганидек „айтилувчи ҳар бир сўз икки ёки уч шоҳиднинг гувоҳлиги билан тасдиқлансин”. Агар уларга ҳам қулоқ солмаса, имонлилар жамоатига айт. Агар имонлилар жамоатига ҳам қулоқ солмаса, уни кофир ёки тамагир қаторида сана. Сизларга чинини айтайин: ер юзида сизлар нимаики боғласангизлар, осмонда ҳам боғланган бўлади. Ер юзида нимаики ечсангизлар, осмонда ҳам ечилган бўлади.  Сизларга яна шуни ҳам айтай: агар ер юзида сиздан икки киши якдил бўлиб, қандайдир бир нарсани сўрашса, Менинг осмондаги Отам уларнинг тилагини бажаради. Қаерда икки ёки уч киши Менинг номим учун йиғилса, Мен шу ерда уларнинг ўртасида бўламан». Ха, ибодат катта куч-қудратга эга, айниқса кўпчилик билан бирга қилинган ибодат ўта кучли хисобланади. Азизлар, Сиз хам ибодат қилиб турасизми? Ибодат хаётингизда қандай ўринни эгаллайди? Масалан, шахсан мен кунимни ибодатсиз бошламайман, куним якунланганидан кейин хам ибодатсиз уйқуга кетмайман. Хар бир имкониятни ибодат қилишга сарфлашни хуш кўраман. Ибодатсиз имонли киши рухан кучсизлашади. Ибодат эса, инсонга куч-қудрат ато этади. Чунки биз Худо билан фақат ибодат орқалигина сўзлаша оламиз. Ундан ташқари, бир он бир нарса учун ибодат қилиниши керак бўлса, мен бошқа ака-ука ва опа-сингиллар билан бирга йиғилишиб бирга ибодат қиламиз. Сизга чинини айтайин, кўпчилик билан бирга қилинган ибодатларимизга биз тезроқ жавоб оламиз. Азизлар, агар ибодат қилишни билмасангиз, хеч хижолат бўлманг. Худога ибодат қилиш учун хали айтганимдек, махсус жой ёки вақт бўлиши шарт эмас. Худо дойим бизни тинглашга тайор туради. Дойим бизнинг ибодатларимизга жавоб беришни истайди. Азизлар, келинг, биз хам ибодат қиламиз. Истасангиз, кетимдан қайтаринг. Азиз Отажон, берган нажотинг учун рахмат айтаман. Қилган қурбонинг, яъни хазрати Исо Масихнинг тўккан қони биз гунохкорларни гунох жаридан тортиб олди. Энди биз бемалол, Сенинг олдинга бора олибгина қолмай, бошқа ака-ука ва опа сингиллар билан бирга Сенинг номинг учун йиғилиб бирга ибодат қилсак бўлади. Худойим, бизга ибодат қилиш учун имон бергин. Чунки имон билан айтилган ибодат катта куч-қудратга эгадир. Худойим, мен Сенинг хақиқатинг ҳақида хали билмаган бандаларинг учун ибодат қиламан. Худойим, уларнинг юрак эшикларини тақиллатганингда улар Сенга очишсин, ва Сен кириб улар билан кечки овқатни бахам кўргин. Худойим, Сен севги Худосисан, Сен барча халқларни халоқ бўлишини истамай ягона ўғлинг Исо Масихни қурбон қўзисига айлантирдинг. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top