Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, сиз имонга келганмисиз? Агар имонга келган бўлсангиз бугунги дастуримиз сизга фақат хурсандчилик олиб келиши муқаррар. Сиз Исо Масих билан ўлиб тирилиш деган тушунчани қандай тушунасиз? Ушбу қизиқарли мавзу мағзини тушуниш учун биз Римликларга мактубнинг олтинчи бобини кўриб чиқайлик. Хўш, нима дейлик? Иноят кўпайсин, деб гуноҳ қилишни давом эттираверайликми? Асло! Биз гуноҳ қаршисида ўлганмиз. Энди гуноҳ қилиб қандай яшайверамиз? Унутмангизки, биз Исо Масиҳни тан олиб сувда имон келтирганимизда, ҳаммамиз ҳам Унинг ўлимини тан олиб имон келтирдик.
Биз сувга чўмиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Шунингдек, Масиҳ Отасининг улуғвор қудрати билан тирилганига ўхшаб, биз ҳам янги ҳаётда юришимиз лозим. Агар ўлишда Масиҳга эргашган бўлсак, албатта, тирилишда ҳам Унга эргашамиз. Гуноҳ қилишга мубтало бўлган бу вужудимиз йўқ қилинсин, деб эски ўзлигимиз Масиҳ билан бирга хочга михланган. Буни билиб, биз энди гуноҳга қул эмасмиз. Чунки ўлган одам гуноҳ қилишдан озоддир. Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак, У билан яшашимизга ҳам ишончимиз комил.
Масиҳ тирилиб бошқа ўлмаслигини, ўлим эса Унга энди ҳоким бўлолмаслигини биламиз. Унинг ўлими гуноҳ учун бир бор ўлим эди. Қолган ҳаётини эса У Худо учун яшамоқда. Шунга ўхшаб, сизлар ҳам ўзларингизни гуноҳ қаршисида ўлик, лекин Раббимиз Исо Масиҳ билан бирлашган ҳолда Худо қаршисида тирик ҳисобланглар. Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин, сиз баданларингиз ихтиёрига бўйсуниб кетманглар. Аъзойи баданингизни ёмонлик қуроли қилиб гуноҳнинг измига топширманглар. Аксинча, ўлиб тирилганлар каби ўзингизни, яъни бутун аъзойи баданингизни солиҳлик қуроли қилиб Худонинг измига топширинглар. Гуноҳ сизларга ҳукмрон бўлмасин, чунки сизлар энди Қонун эмас, иноят паноҳидасизлар.
Ха, бу оятларни хаворий Павлус бекорга келтирмаган. Худо бизни иноятга тўлиб яшашимизни истайди. Чунки, биз Исо Масих билан ўлиб тирилганмиз. Бу дегани, гунохкор табиатимиз энди ўлган, ва у бизга хоким эмас. Энди бор диққат эътиборимизни Исо Масихнинг хочда қилган ишига қаратишимиз керак. Фақат Исо Масихнинг ўлими ва тирилиши бизга абадий хаётни ва Худо билан шахсий муносабатни ато этди. Азизлар, келинг бу учун ибодат қиламиз. Азиз Отажон, бизни севганинг учун катта рахмат. Сенинг севгинг туфайли биз хаётмиз, ва хозирги ибодатимиз айнан Сенинг севгинг туфайлидир. Худойим, бизга гунох хокимлик қилмасин, баданимизни ёмонликдан ўзинг асрагин. Бунга ўзимизнинг кучимиз етмайди. Буни фақат Сенинг ёрдаминг ва Муқаддас Рухинг кучи билан амалга оширсак бўлади. Худойим, бизни иноятингга тўлдир. Тўлган бўлсак бизга уни кўрсат. Худойим, Сенинг муқаддас номинг халқимиз ичра овоза бўлсин, хар бир эшитувчи қулоқ севгинг хақида эшитсин. Худойим, Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдим. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Саволларингиз бўлса, бизнинг www.najot.com сайтимизга ташриф буюринг. Истасангиз, саволларингизга эфир орқали хам жавоб бериш имкониятига эгамиз. Шуни айтиб ўтиш жойизки, барча шахсий маълумот анонимлигича қолади, бундан хавотир олманг. Хайир азизлар, Худойим сизни ўз панохида асрасин.