Кўпчилик ота-онадаги қатъийликни қаттиққўлик деб тушунади. Қатъийликда меҳр етишмайди деб ўйлайдиган ота-оналар адашишади. Агар болангизга тўғри тарбия беришни истасангиз унга меҳрингизни тўлиғича беринг. Қатъийлик меҳр орқали юмшаб кетмайди. Болангиз қатъий бўлсангиз ҳам уни севишингизни кўзларингиздан, силаб-сийпалашларингиздан сезиши керак. Жазолашдаги муаммонинг яна бир шуки, бир фарзандга таъсир қилган усул иккинчисига таъсирсиз бўлиши мумкин. Шўх тиниб-тинчимас бола учун хонада қамалиб ўтириш, қийин, шунинг учун бу болага хонага кириб ўтиришни буюриш таъсир қилиш мумкин. Баъзи болалар эса ҳеч кимга қўшилмай, тинчгина ўз хонасида ўтиришни ёқтиради.
Шунинг учун ҳам бундай болалар учун хонада ўтириш жазо эмас, аксинча ўзи ёқтирган машғулот саналади. Бундай болаларни бу йўсинда жазолаб бўлмайди. Ҳар бир фарзандингизга лойиқ таъсирли жазо усули топиш устида ўйланг.
Бу борада яна бир муаммо, жазонинг даражаси ва усули табиий равишда ота-онанинг кайфиятига боғлиқ. Енгил жазо тўғри келадиган ўринда ота-онанинг кайфияти ёмон бўлиб, унинг ўрнига бошқа оғирроғини қўлласа, бу ҳолатдаги жазолаш фарзанд учун ортиқчалик қилади. Маслаҳатимиз, бу борада ота-она бир-бири билан ёки яқин кишилари билан маслаҳатлашса бу фойдадан ҳоли бўлмайди.
Жисмоний жазо беришдан олдин, биз у ҳақда чуқурроқ ўйлаб олишимиз даркор.
Биринчидан бола нима учун жазоланаётганини билиб олиши лозим. Боланинг айбини унга аниқ ва равшан қилиб тушунтириб қўйиш керак. Фарзандга нисбатан «Сен ёмон боласан» деган сўзни ишлатмаганингиз маъқул. Фарзандингизнинг ўзи эмас, унинг ҳатти-ҳаракати ёмон. Буни ҳеч қачон унутманг. Акс ҳолда фарзанднинг ўзи ҳақидаги фикри салбий томонга ўзгариши мумкин.
Иккинчидан, фарзандингизга жазо беришда унга тан жароҳати етказишдан сақланинг! Тан жазоси беришда қуйидагиларга аҳамият беринг:
Тан жазоси беришдаги воситалар (уларнинг ингичка, эгилувчан бўлишига, агар қўл ёки оёқ билан тан жазоси бермасликка ҳаракат қилинг).
Тан жазоси беришда боланинг нозик жойларига (юзи, боши ва кўринмас жойларига зарб берманг).
Болаларга тан жазоси беришда, иложи борича қўл билан эмас, аксинча ёғоч қошиқ ишлатган маъқул. Чунки қўлимизни силаб-сийпалаш, қучоқлаш ва меҳримизни кўрсатиш учун ишлатамиз. Икки ёшгача бўлган фарзандларга тан жазоси беришда уларнинг қўлларига аста қўлингиз билан уриб қўйишингиз етарли. Икки ёшли бола бу жазодан кейин ўша жойга ёки ўша нарсага тегмаслик кераклигини билиб олади. Кўпроқ болаларга тан жазоси беришда уларнинг орқасига уриш мақсадга мувофиқдир. Учинчидан, жазолаганингиздан кейин бола йиғлашни бошлаши билан уни ёлғиз қолдириш керак. Ота-она бу пайтда болага яқин ўртада бўлиб, ундан хабардор бўлиб туриши керак. Бола йиғидан тўхтагач, аланглаб, ота-онасини қидиради ва нигоҳлари билан «Мени ҳали ҳам севасизларми?», деб сўрай бошлайди. Ота-она мана шундай пайтда унга ўз муҳаббатини кўз қараши, эркалаши билан ифодалаши керак.