Дўст орттириш мураккаб иш, аммо бунинг акси бўлган, душман орттиришдан осони йўқ. Киши ўйламаган ҳолда бирор бир ножўя иш қилиши ёки ножўя гап айтиб қўйишининг ўзидаёқ кимнингдир ёқтирмаган инсонига айланиб қолади. Америка президентларидан бири бўлган Теодор Рузвелт президентлик чоғидаёқ агар юзта ҳолатдан етмиш бештасида ҳақ бўлиб чиққанида бундан ортиқ ҳеч нарса истамаслигини тан олган эди.
Агар бу 20 асрнинг энг илғор кишиси орзу қилган максимум бўлса, сизу биздек оддий одамлар ҳақида нима дейиш мумкин? Мабодо сиз 100та ҳолатдан 55 тасида ўзингизнинг ҳақ эканлигингизга ишонсангиз жамики ҳою-ҳавасларга қўли етадиган миллионерга айланишингиз мумкин. 100 та ҳолатдан 55 тасида ҳақиқат сиз томондалигига кўзингиз етмаса, у ҳолда бошқаларни айблашдан не маъни?
Сиз кишининг ноҳақлигини нигоҳингиз билан, сўз оҳанги билан, қўл ҳаракати билан чиройли гаплардан кўра осонроқ етказишингиз мумкин. Аммо буни сўз билан айтиб уни фикрингизга қўшилишга мажбур қила олармидингиз? Ҳеч қачон! Сиз унинг ақлига, соғлом фикрига, ғурурига тўғридан-тўғри зарба берган бўласиз-ку! Бу уни фақат жавоб зарбаси қайтаришга ундайди холос, аммо фикрини ўзгартирмайди. Шундан кейин сиз «Афлотун ва Кантнинг» бутун мантиқий назариясини ёғдириб ташланг – фойдаси йўқ, сиз унинг нафсониятига тегдингиз. Ҳеч қачон фикрингизни: «Мен буни исботлаб бераман деган гап билан бошламанг. Бу ёмон. Бу «мен сиздан ақллироқман, сизни ўз фикрингизни ўзгартиришга мажбур қиламан», деган билан баробар. Бу чақириқ суҳбатдошингизда сиз баҳсга киришмасдан олдин ички қаршиликни, курашиш истагини туғдиради.
Энг қулай шароитда ҳам одамларнинг фикрини ўзгартириш мушкул иш. Шундай экан нега ўзимизга ортиқча даҳмазаларни тилаб олишимиз керак. Нега ўзимизни боши берк кўчага киритиб қўйишимиз керак? Баски, сиз ниманидир ўзгартирмоқчи бўлсангиз, буни шундай усталик билан, шов-шувсиз бажарингки, ўзингиздан бошқа ҳеч ким билмасин. Одамларга бир нарсани сиз ўргатмаётгандек ўргатиш керак. Нотаниш нарсаларни, гўё унутилган нарсалардай тақдим этиш керак. Лорд Честирфилд ўғлига шундай деган эди: «Бўлолсанг, бошқалардан ақлли бўл, аммо буни ҳеч кимга айтма». Суқрот шогирдларига: ҳеч нарсани билмаслигимни биламан ҳолос, деб такрорлар экан. Биз эса Суқротдан ҳам ақллироқ бўлишга умид ҳам қилмаймиз.
Шунинг учун кишиларга ўзларининг ноҳақликлари ҳақида гапиришни бас қилайлик. Бу тактика ўзини оқлайди. Агар биров сизга ноҳақлигингиз тўғрисида гапириб қолса – ҳатто аксинча эканлигини яхши билган тақдирингизда ҳам кескин инкор этманг. Яхшиси, «Шунақами? Мен бошқача ўйларканман, бироқ ҳато ўйлаган бўлишим мумкин. Тез-тез шундай бўлиб туради менда. Агар янглишаётган бўлсам, тузатиб қўйишингизни истардим. Келинг фактларни текшириб кўрайликчи,» каби дипломатия билан бошлаган маъқул. Дунёда ҳеч ким, «мен янглишибман шекилли, келинг, текшириб кўрамиз», деган мурожаатга эътироз билдирмаса керак. Олимлар шундай қилишади. Ўн бир йил Қутб доираси ичида яшаб, фақат гўшту сув билан тирикчилик қилган тадқиқотчи Стефансондан, нимани исбот қилмоқчисиз, деб сўрашганида, «Олим ҳеч қачон бирор нарсани исботламоқчи бўлмайди, фактларни тиклайди ҳолос», деган экан.