Халқимизда яхши гапириш, дўстона муносабатда бўлишга оид кўплаб мақоллар бор. Масалан: «Яхши гап билан илон инидан чиқади», «Яхши сўз асалдан тотли». Бир вақтлар Американинг президенти бўлган Линколн бундан юз йил бурун шундай деган эди: «Қадимги маталда айтилишича, бир томчи асал бир бочка сариқ сувдан кўра кўпроқ пашшани ўзига тортади.» Одамларга ҳам шундай муносабатда бўлиш керак. Агар бир кишини ўзингизга жалб қилмоқчи бўлсангиз, аввало унга самимий дўст эканлигингизга ишонтиринг. Шу уни қалбингизга тортадиган бир томчи асал, бу эса нима десангиз денгу инсон онгига олиб борадиган буюк ва тўғри йўлдир.
Машхур адвокатлардан бири Дэниел Уэбстер суд мажлисларида ҳимояга чиқар экан, ўзининг ишончли далилларини ҳам кескин ўртага ташламасди.
У сўзини «Маслаҳатчилар иши… – эътиборга олмоқ, «Бу ҳақида, жаноблар ўйлаб кўришимиз керак», «Мана бу фактларни умид қиламанки, эътибордан четда қолдирмайсиз», «Сизнинг оқил инсонларга ҳос табиатингиз билан мана бу фактни тушуниш қийин эмас» каби кириш билан бошларди. Ҳеч қандай зўрлаш, ҳеч қандай тазйиқсиз.
Ялангоёқ мактабга қатнаб юрган болалик йилларимда бир масал ўқигандим: Қуёш билан Шамол қай биримиз кучлимиз, деган масалада тортишиб қолишади. Шамол дейди: «Сендан кучлироқ эканимни ҳозир исботлаб бераман. Ҳув анави, плаш кийган чолни кўряпсанми? Ҳозир бориб этаги остидан уриламан, плашини ечиб ташлашга мажбур бўлади. Шундай қилиб, қуёш булутлар ортига яширинди, шамол чол сари учиб кетди ва бўронга айлангунча роса «куйиб — пишди» ки, чол маҳкамроқ ўралиб олаверди. Шамол чарчади.
Шунда қуёш булут панасидан чиқиб, қарияга саҳийлик билан кулиб боқди. Тезда чолнинг пешонасида реза-реза тер пайдо бўлиб, плашини ечиб ташлади. Қуёш шамолга деди: Саҳоват ва дўстона муносабат ҳамиша нафрат ва зўравонликдан устун келади».
Демак, агар сиз кишиларни ўз нуқтаи назарингизга оғдирмоқчи бўлсангиз, бизнинг яна бир маслаҳатимизга амал қилинг. Энг бошиданоқ дўстона оҳангда қатъий туринг. Биров билан суҳбатлашаётганда гапни ўзаро фикрлар зид келган масала муҳокамасидан бошламанг. Аксинча, қарашларингиз мос келган жиҳатларни таъкидлашдан бошлаб, таъкидлашда давом этаверинг. Имкони бўлса, икковингиз бир мақсад йўлида ишлаётганингизни, гап моҳиятда эмас, балки усулда эканлигини доимо эслатиб туринг. Суҳбат аввалиданоқ шеригингизни «ҳа» дейишига эришинг.
«Йўқ» деб жавоб беришига имкон қолдирмасликка ҳаракат қилинг. Моҳир нотиқ бошданоқ суҳбатдошининг ҳамма вақт «ҳа» дейишга мажбурлай билади. Бу билан у тингловчи онгидаги руҳий жараённи ўзи истаган ўзанга солиб олади. Бу билъярд шарларининг ҳаракатига ўхшайди. Агар уни маълум нуқтага йўлласангиз, йўналишини ўзгартириш учун маълум бир куч керак бўлади, ортга қайтариш учун эса янада жиддийроқ куч талаб қилинади. Киши «йўқ» деганида унинг бутун вужуди сизга қарши зарба беришга шайланади. «Ҳа» деб жавоб қайтарганда эса ҳеч қандай қарши ҳаракатлар уйғонмайди. Вужуд сиз билан келишиш истагини намоён этади. Бу усул оддий бўлишига қарамай, ундан ҳамма ва ҳар қадамда фойдаланавермайди. Сиз эса бундан оқилона фойдалана оласиз деган умиддамиз.