Кишиларни қизиқтириш, уларда ўзимизга нисбатан ёқимли фикрларни уйғотиш учун уни қизиқтирган нарсалар ҳақида сўз очиш кераклигини билиб олдик. Биз суҳбатлашаётган ёки суҳбатлашмоқчи бўлган кишининг қизиқишларини билиб олиш ҳар доим ҳам осон иш эмас. Агар бу суҳбатдош бизга таниш бўлса, авваллари ҳам у билан бир-неча марта суҳбатдош бўлган бўлсангиз, буни ҳеч қийин жойи йўқ. Аммо у билан биринчи марта учрашмоқчи бўлсангиз, бу қийин масала. Уни таниган, билган кишилар билан унинг қизиқишлари ҳақида суҳбатлашиш ҳам бироз қийин. Чунки дабдурустдан унинг нималарга қизиқиши ҳақида сўрай олмайсиз. Бунинг учун донолик керак. Бу ҳақида ўтган сафарги суҳбатимизда гаплашгандик. Ўйлаб кўринг, кишини бирданига мойил қилиш мумкинми? Бунга қандай эришиш мумкин. Келинг бир кишининг сўзларига қулоқ тутайлик:
«Буюртма хат жўнатиш учун почтада навбатда тургандим. Ходимнинг ҳаракатларидан ўз иши жуда жонига тегиб кетганлиги сезилиб турарди: конвертларни тортиш, марка бериш, квитанция ёзиш, қайтим бериш йил бўйи давом этадиган бир хилдаги зерикарли иш. Ўзимга ўзим дедим: «Мен ана шу йигитнинг кўнглини кўтараман, унга ёқишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун эса у тўғрисида ёқимли гап айтишим керак». Кейин яна ўзимдан сўрадим, «Унинг самимий мақтайдиган нимаси бор?» Баъзан, айниқса нотанишлар ҳақида гап кетганда бу саволга жавоб бериш қийин. Аммо бу гал мен қийналмадим. Йигитнинг бир жиҳати чиндан ҳам мақтовга лойиқ эди. Шундай қилиб у менинг конвертимни тортаётганида: «Менинг ҳам сочим сизникидақа бўлишини истардим», дедим.
У салгина ажаблангандай бошини кўтарди, бироқ юзида табассум билан: «Бир вақтлардагидай мақтагулик эмас», — деди камтарлик билан. Шунга қарамай унинг сочи ҳамон ажойиблигини таъкидладим. Икковимиз қисқагина, аммо ёқимли суҳбат қурдик. Оҳирида ўзи ҳам иқрор бўлди: «Сочимга кўпчилик ҳавас қилади».» Баҳс бойлашишим мумкин: ўша куни йигит тушликка юриб эмас, учиб боргандай бўлган. Баҳс бойлашаман: ўша куни йигит бу гапни рафиқасига қувонч билан гапириб берган.
Бу воқеадан сизларда: «У киши йигитдан нима истаган?» — деган савол туғилиши мумкин. У нима истаган!!! Агар биз кишиларга беминнат озгина бахт беролмайдиган ютуқларни шундай эътироф этмайдиган худбин бўлсак, агар қалбимиз нордон ёввойи мевалардек майда бўлса, у ҳолда биз омадсизликка маҳкум ва шунга лойиқмиз.
Инсон ҳатти-ҳаракатининг муҳим бир қонунияти бор. Унга амал қилсак, ҳеч қачон нохуш аҳволга тушиб қолмаймиз. У бизга ҳисобсиз дўстлар ва барқарор бахт бериши шубҳасиз. Бироқ бу қонуниятга хилоф йўл тутсак, бошимизга беадоғ ғам-ташвишларни сотиб олишимиз мумкин. Бу қонуниятнинг моҳияти шундай: ҳамиша суҳбатдошингизни ўзининг шахсий аҳамиятини англаши учун таъсир ўтказинг. Қадрланишга интилиш одамларнинг энг теран ўзига хосликларидир, деган эди профессор Уилям Отеймс. Бу интилиш бизни ҳайвонотдан фарқлаб, тараққиётга асос бўлади. Агар сизни қадрлашларини истасангиз сиз ҳам атрофингиздагиларни қадрланг ва уларнинг қадрли эканлигини эслатинг. Бу нарсани эътиборингиз, ширин сўзларингиз ва ҳаракатларингиз билан амалга оширинг.