MP3

Наҳум пайғамбар. Муқаддас Каломда бу пайғамбар ҳақида унчалик кўп маълумот берилмаган. Муқаддас Каломдан нимаики маълум бўлса, мутаҳассис олимларнинг таҳминлари ва изланишлари натижасида юзага келган маълумотларнинг борини сизнинг эътиборингизга ҳавола қиламиз. Наҳум пайғамбар билан яна бир пайғамбар деярли бир вақтда бир шаҳар ҳақида башорат қилган. Фақат бирининг башорати ва огоҳлантириши у шаҳарнинг вайрон бўлмаслиги, у ердаги одамларнинг тавба-тазаррусига боғлиқ бўлган бўлса, иккинчи огоҳлантириш у шаҳарнинг вайрон бўлиши ҳақида. У қайси шаҳар эканлигини ва иккинчи пайғамбарнинг кимлигини биласизми? Бу шаҳар Найнаво, ҳа, топдингиз иккинчи пайғамбар эса Юнус. Юнус Найнаво ҳалқига огоҳлантириш ва хушхабар етказган бўлса, Наҳум пайғамбар бу шаҳарнинг аниқ ҳалокатга юз тутиши ҳақида башорат қилган эди. Чунки Найнаво аҳолиси Юнуснинг башорати ва хабаридан кейин тавба қилиб, ёвуз ишларидан юз буришди.

Юнуснинг Найнаво халқи олдига бориб, Худо ҳақида айтиши таҳминан эрамиздан аввалги 785 йилга тўғри келади. Наҳум эса Юнусдан 150 йил кейин Найнавонинг ҳалокати ҳақида башорат қилади. Худо уларнинг гуноҳларига узоқ тоқат қилди. Огоҳлантиришлар ҳам уларга таъсир қилмади. Шундан сўнг Худо уларни қилган гуноҳларини жазолашга ахд қилди.

Инсон сифатида Наҳумнинг ким бўлгани бизга кўп нарса маълум эмас. Фақат шу нарса маълумки, уни «Елкосианлик», дейишган. Унинг исми «Кафарнаҳум» деган сўзда учрайди. «Кафарнаҳум», Наҳумнинг қишлоғи деган маънони билдиради. Тахминларга кўра у Кафарнаҳум қишлоғининг фуқароси ёки бўлмаса Кафарнаҳум қишлоғига асос солган бўлиши ҳам мумкин. Бу қишлоқ аниқроғи кичик шаҳарча Исо Масиҳнинг хизматлари орқали машҳур шаҳарга айланди. Наҳум пайғамбар Елкоз деган жойда туғилган. Бу жой Кафарнаҳумга яқинида жойлашган бўлиши ҳам мумкин.

Маълумотларга кўра Тигр дарёси бўйида Найнаводан 32 км узоқликда Елкос деган жой бўлган. Наҳум эса ўша ерда Исроиллик қуллардан бири бўлган. Агар Кафарнаҳум Наҳум пайғамбарнинг яшаган жойи бўлган бўлса, у ҳолда у Юнус ва Масиҳ билан бир жойдан келиб чиққан ҳисобланади. Наҳум пайғамбарнинг яшаш даври Наҳум китобида кўрсатилган. Тебес эрамиздан аввалги 663 йилда қулади. Найнаво ҳақида гап кетганда эса унинг қулаши яқин деб ёзилган. Найнаво эса эрамиздан аввалги 607 йилда қулади. Шунга кўра биз Наҳум пайғамбарни эрамиздан аввалги 663 йилдан 607 йил оралиғида яшаган деб тахмин қилишимиз мумкин. Яна бошқа маълумотлардан биз Наҳум пайғамбарни Софониянинг замондоши бўлган дейишимиз ҳам мумкин. Чунки Софония ҳам Найнавонинг қулаши ва вайрон бўлиши ҳақида башорат қилган.

Наҳум пайғамбар яшаган даврда Найнаво ернинг қиролича шаҳари бўлган. У шаҳар ўта бой, шафқатсиз, сон-саноқсиз аскарларга ва қудратга эга бўлган шаҳар эди. Дунёнинг ҳар еридан ҳисобсиз мол-дунё Найнаво ғазнасига келиб тушарди. Наҳум бу ҳолатни халқ қонини ичаётган шерларга қиёслаган. Наҳум пайғамбар Найнавонинг ҳароб бўлиши, қулаши ҳақида башорат қилганида, Найнаво шаҳри ўзининг энг гуллаган чўққисида эди. Наҳум пайғамбар айтганидай бўлди. Найнавонинг қулаши шундай аянчли бўлдики, унинг ҳаробаларидан асар ҳам қолмади. Уч юз йил ўтгач, Александр Македонский шу ерда қўним топади, бироқ 300 йил олдин бу ерда Найнаво деган қудратли шаҳар борлиги ҳақида билмайди. Инсоният бу шаҳар ҳақида унутади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top