3:21

Бола уйқусида нега йиғлайди?

MP3

Ассалому алайкум. Фарзанд ота-онанинг қувончи. Унинг соғлом ва кучли бўлиб ўсиши ота-она учун улкан ютуқ. Аммо бола парваришида баъзи муаммолар пайдо бўлса-чи? Масалан, у уйқусида кўп чўчиса ёки йиғласа… Бундай пайтда қандай йўл тутиш керак?

Боланинг тунлари безовта бўлиши психологик ҳолат ҳисобланиб, бола кундузи бўлган воқеаларни уйқу ҳолатида ҳам унутмайди ва туш кўриш орқали улар яна кўз ўнгида гавдаланади. Сиз фарзандингизни уйқуга ётқизишдан олдин у билан кун давомида юз берган воқеалар ҳақида суҳбатлашинг. Унга ота ёки она сифатида эмас, чин сирдош сифатида мурожаат қилинг. Муаммолари ва ютуқлари ҳақида сўранг.

Кўп ҳолларда бола фақат ютуқлари ҳақида гапиради, муаммоларини эса яширади. Уйқуда эса бу муаммолар билан руҳан курашади ва кўп ҳолларда мағлуб бўлади.

Бунинг натижасида у руҳан эзилади ва ўзи истамаган ҳолда йиғлаб юборади ёки чўчиб уйғониб кетади. Сиз эса бундай бўлишига йўл қўйманг. Муаммоларини очиқ-ошкор айтишга ўргатиб боринг. Хато ва камчиликлари учун урушмаслигингизга ишонтиринг. Унинг муаммоларини эшитар экансиз уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилинг ва фарзандингизга маъқул йўлни танлаб беринг. Фарзандингизни муаммолари билан ўртоқлашинг ва болани яхши кайфиятда уйқуга ётқизинг.

Бола мактабда баҳолари пастлигини ёки ўртоқлари билан урушиб қолиши ёки ёлғизланиб қолгани ҳақида гапирганда, уни диққат билан тингланг, биргалашиб, бу муаммонинг ечими ҳақида муҳокама қилинг. Лекин ҳеч қачон паст баҳо олгани учун койиманг.

Фарзандингизни мумкин қадар уйда ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қилинг. У ёлғиз қолганда нимадандир сесканиши ёки анча вақтгача ўша хатардан қўрқиб юриши, оддий нарсалардан ҳам чўчийдиган бўлиб қолиши мумкин. Баъзан ота-оналар фарзандларининг шўхлиги ёки бирор айби учун қоронғу хонага ёки ваннага қамаб қўйишади. Бундай пайтда эса ўзлари бирор бир ишга берилиб кетиб, «жазоланган фарзанди» ҳақида унутиб қўяди. Бола эса қоронғу хонадан қўрқиб, аввалига қаттиқ йиғлайди. Кейинчалик чарчаб қолади ва жимгина бир бурчакка бориб ўтиради. Қоронғу хонада ўтирар экан, боланинг кўзига аллақандай шарпалар кўрина бошлайди. Бола улардан жуда қўрққанлиги боис овоз ҳам чиқара олмай қолади.

Агар бу ҳолат кўп такрорланадиган, бола ҳар бир хато учун шундай жазоланаверса, у қўрқоқ бўлиб қолади.

Бундай қўрқувдан баъзи болалар дудуқланиб қолса, баъзиларида атрофдагиларга нисбатан нафрат пайдо бўлади. Қўлланилган бундай жазо натижасида бола уйқусида қўрқинчли тушлар кўриб йиғлаб чиқади. У ўтирган «жазо зонаси»да боланинг кўз ўнгида турли махлуқлар пайдо бўлиб, бола уйқусида ҳам ўша хонада ўтиргандек, атрофидаги қўрқинчли «махлуқлар» эса унга тажовуз қилаётгандек туюлади. Боланинг хатолари ҳақида унга ҳадеб эслатаверманг. Арзимаган хато учун шунчаки асабийлашиб турганингиз учун унга бақириб, тан жазосини берманг. Бу болани қўрқитиб қўяди. Чунки бу хато учун ойим урушмайди, деб ўйлаб турганида бирданига бақириб, асабийлашиб, уни жазоласангиз бу ҳаракатингиз уни қўрқитади ва сиз унга руҳий зарба берган бўласиз. Азизлар бу ҳақида кейинги суҳбатимиздан яна кўпроқ маълумотлар оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top