MP3

Ассалому – алайкум. Меҳрибон ота-оналар сизни танқид қилишса ёқадими? Танқид кимга ёқади? Менимча ҳеч кимга. Танқид билан кўп нарсага эришиб бўлмайди, айниқса болалар тарбиясида. Болаларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини доим танқид қилиш ва ноўрин аралашиш уларда тортинчоқлик ва қатъиятсизликнинг шаклланишига олиб келади. Менинг бир қўшним бор. У ёлғиз қизини доимо тергайди, танқид қилади. Мен унинг қизини танқид қилганини жуда кўп кўрганман. Агар бу она қизини бошқалар олдида шундай очиқдан-очиқ танқид қилса, уйда қандай муносабатда экан, деб ўйлаб қоламан. Агар катталар болаларнинг у ёки бу ҳатти ҳаракатларини ҳадеб танқид қилаверса, болаларда ўзига нисбатан иккиланиш пайдо бўлади: «Мен ҳаммасини ёмон қилаяпман, ҳеч нарсани уддалай олмайман» — шу каби ишончсизлик борган сари уларнинг онгини янада кучлироқ эгаллайди.

Талабчан ва қаттиққўл ота она тағсирида бола қатъиятсиз бўлиб етишади. Ҳар қандай ташаббусни йўқотади. Бирор ишни қандай бошлаш, қандай қилиш кераклигини билишмайди. Уларнинг қалбида қайғу кўпайиб боради. Доимо ўзларини мағлубдек ҳис қилиб яшайдилар.

Бироқ бундай болаларга бошқача муносабатда бўлинса-чи? Катталар уларни қўллаб қувватласа, кайфиятини кўтарса, бирор иш қилмоқчи бўлганда мақтаб, рағбатлантириб фаоллигини оширса болалар қайта дунёга келгандек ҳис қилади. Шунинг учун болаларни тергашдан, уларни танқид қилишдан олдин, натижаси қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўриш керак. Танқиддан кўра мақтов кўпроқ натижа беради. Тасаввур қилинг, болангиз ишлаб турган магнитафонни бузиб қўйди. Атайлаб эмас, шунчаки қизиқиши устун келиб, унинг ичида нималар борлигини билмоқчи бўлган. Бу пайтда уни танқид қилиш ёки жазолаш керак эмас.

Агар шундай қилсангиз, болангизнинг техникага бўлган қизиқишини, бирор нарсани тузатиш қобилиятини ўлдирган бўласиз. Япониялик олимлар боланинг бирор нарсага қобилияти бор-йўқлигини уч-4 ёшлигидан билиш мумкин деб хисоблайдилар. Агар болани ўша ёзларда нимага қизиқиши ва қобилияти борлигини билиб, шунга тўғри йўналтирилса, келажакда ўз ишининг устаси бўлиб етишади деб хисоблайдилар. Бироқ болангиз сизнингча бирор нарсани нотўғри бажарган бўлса, ва сиз бунинг учун койисангиз, болада бунга нисбатан иштиёқ йўқолади. Сиз унинг қобилиятини бўғиб қўйган бўласиз. Ота-онасидан доимо танқид эшитадиган болалар учун ҳаёт мазмунсиз ва зерикарли бўлиб қолади.

Танқид қилиш мутлақо мумкин эмас, деган фикрга келманг. Баъзида боланинг нотўғри ҳатти ҳаракатига меҳрибонлик билан кўрсатма бериш ҳам унинг тарбиясини бузади. Шунда бола ўзининг қилиқлари сўзсиз тўғри ва яхши, ўзини эса айбсиздек тутади. Агар ота – она боласининг онгли равишда қилган хатосига юмшоқ муносабатда бўлишда давом этаверса, бир куни келиб эшитган энг кичик танқиди ҳам унга ёмон таъсир қилади. Нафсониятига тегади.

Бола ўзининг нотўғри ва тўғри ҳаракатларини ҳам қўллаб қувватламайдиган ва унинг ҳар бир сўзи, қилиқларини хушламайдиган муҳитда яшаса, ўзини жуда бахтсиз ҳис қилади. У тушунолмай қолади, қайси ҳаракатлари тўғри? Бола шубҳаланиб қолади, ҳеч ким уни мақтамайди, ҳеч ким эътибор қилмайди. Бундай ҳолатда яшаш боланинг келажагига салбий таъсир қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top