Ассалому алайкум қадрли тингловчи дўстлар. Бугунги суҳбатимиз ҳам қўрқув уйғотадиган ҳам ҳаётни сақлаб қоладиган илонлар ҳақида бўлади. Бу жонзотларни кўрганда ёки отини эшитганда эти жимирламайдиган киши бўлмаса керак. Бу жонзот чиндан ҳам кишида қўрқувни уйғотади. Бироқ унинг фойдали ҳусусиятлари ҳақида ҳам эшитганмиз. Баъзи халқлар илонларни сирли мавжудот деб билишади. Уларни илоҳийлаштиришади. Бизда ҳам шунга ўхшаш гап сўзларни эшитиш мумкин. Масалан оқ уй илони ҳақида. Унга тегиб бўлмайди, акс ҳолда уйга бало келади, каби гаплар, илонни бир мунча илоҳий даражага кўтаради. Чиндан ҳам кўпгина халқлар илондан қўрқиш билан бирга уни кўп касалликларни даволайди деган фикр билдиради. Бу тўғри фикр. Жуда қадим замонларда ҳам табиблар илон заҳри билан кўпгина касалликларни даволаганлар.
Қадимги Миср аҳолиси илонни муқаддас хисоблаб, унга алоҳида Илоҳа илон сифатида қараганлар. Кобрани илоҳа илон – Уаджит деб билганлар. Афсоналарга кўра Уаджит инсонни ёвузликдан ҳимоя қилиб, кўпгина хасталикларни даволаган. Мисрликлар бўйниларига илон тасвири туширилган туморлар тақиб юришган. Бу нарса бало қазодан сақлайди деб ишонишган. Илон заҳрининг шифобахшлиги туфайли, медицинада идиш атрофида ўралиб, идишга заҳарини тўкаётган рамзий белги пайдо бўлган.
Илоннинг шифобахшлиги ҳақида афсоналар ҳам мавжуд. Шундай афсоналардан бирида бир шоҳнинг севимли ўғли вафот этади. Ўғлининг ўлимига чидай олмаган шох қандай қилиб бўлса ҳам ўғлини ҳаётга қайтариш учун табибга мурожат қилади.
Шу пайтда табиб ўз таёғи билан бир илонни ўлдириб қўяди. Бошқа бир илон эса оғзида бир гиёҳни тутганча ўлган илоннинг олдига келиб, шу гиёҳ билан уни тирилтиради. Табиб эса буни илоҳларнинг жавоби деб билиб ўша гиёҳдан фойдаланган ҳолда ёш шаҳзодани тирилтиради.
Қадимда илонларни худолар билан ёнма-ён тасвирлашган. Гигия илоҳаси ўша даврларда соғлиқ маъбудаси ҳисобланган. Айнан мана шу сўздан «гигиена» деган сўз келиб чиққан. Қадимги Византия аҳолиси ҳам инсон атрофига ўралиб турган илон тасвири туширилган тангаларни тумор сифатида бўйниларига тақиб юришган. Бу тумор уларни турли хасталиклардан сақлашига ишонишган.
Хитойликлар эса илоннинг жигари ва сафроси қонни тозалаб, жигар фаолиятини яхшилайди деган фикрдалар. Илон заҳридан тайёрланган махсус суюқлик эса артрит касаллигида ва турли чарчоқлардан ҳалос бўлишга ёрдам беради дейишади. Илондан тайёрланган қовурма ёки шўрваси кўз нурини яхшилайди, деб хисоблашади.
Исроилдаги спа марказлардан бири ўз мижозларига илонлар билан массаж қилишни таклиф қилишади. Бунинг учун махсус заҳарсиз илонлар танланади. Бу илонлар мижознинг танасидаги муаммоли қисмларида ҳаракатланиб, организмни тинчлантиради ва яхши массаж қилади.
Илон заҳаридан фармацевтикада турли дориларни тайёрлашда ишлатилишидан хабарингиз бор. Илон заҳри энг қиммат дори ҳисобланади. Илонларга бошқача кўз билан қарашни ўрганинг.