Бу воқеа ўз замонамизда, сиз-у, бизга ўхшаган бир кишининг ҳаётида бўлиб ўтган. У 35 ёшли, мулоҳазали, иродали киши. Аввал бундай эмасди. Аввал жиззаки, тезда жаҳл отига минадиган, сўз келганда ҳеч кимни аямайдиган киши эди. Унинг Исо Масиҳни Нажоткорим деб қабул қилиши, ҳаётида, ишида, анча муаммоларга сабаб бўлди. Хушхабарни эшитиб, қабул қилгач, ишхонадаги энг яқин дўстига бу ҳақида айтди. Яқин дўсти унинг устидан кулиб, роса масхаралади. Уни «Католик» деб атай бошлади. Унинг масиҳий бўлгани тезда, бутун ишхонага ёйилди. Раҳбар хонасига чақириб, роса насиҳат қилди. Бошқаларга Исо Масиҳ ҳақида айтмасликка, сўз олиб, ишида қолдирди. Шундан кейин ишдаги ҳар бир куни, азобга айланди. Келинг бу ҳақида унинг ўзи нима деганини эшитайлик:
Бир нечта хўжа кўрсинга намоз ўқийдиган ҳамкасбларим, мени кўриши билан, турли хил бўлмағур, гапларни гапиришар, шахсиятимга тегадиган, сўзлар билан ҳақоратлашарди. Тушлик пайтида, атайлаб, овқатимни тўкиб юборишар, ўтган-кетганимда оёғимдан чалиб, йиқитишарди. Ишдан чиқаётганимда, машинаси бор ҳамкасбларим, атайлаб, менга сув сачратиб кетар. Нима бўлса ҳам ёмонлик қилишга ҳаракат қилишарди. Уларга қарши, қаттиқ гап айта олмасдим. Агар уларнинг қилаётган ёмон ишларига ёмонлик билан жавоб берсам, Худонинг фарзанди деб аталишга лойиқ бўлмай қоламан-ку. Мана шундай ўй ҳаёллар, мени ўзимни босишга, уларга меҳр билан жавоб қайтаришга, ундарди. Бир йил, масхара қилишлар, таҳқирлашлар тўхтамади.
Шу бир йил давомида, Исо Масиҳ аскарлардан калтак еганида, юзига тупуриб, Уни тахқирлашганларида, ўзини қандай ҳис қилганини билиб олдим. Бу ҳис мени яна ҳам Худога яқинлаштирди, мени таҳқирловчиларга нисбатан, меҳрибонроқ бўлишга ўргатди. Менинг бу қийинчиликларимни кўрган қоровул чол, бир куни мени тўхтатиб, нега уларга қарши бирор иш қилмаяпганимни сўради. Мен сабабини айтдим. Узоқ вақт ота билан гаплашиб ўтирдим. Худонинг инсониятга юборган Хушхабари, уни қабул қилганларнинг келажаги ҳақида бўлишдим. У узоқ вақт ўйланиб ўтирди-да: «Худо бир», — сен ҳам истаганингча ишонавер деди. Узоқ вақтгача у ҳам мен билан гаплашмай юрди. Бироқ бир куни ўзи олдимга келиб, «Мен ўша Масиҳингни қабул қиламан. Ëшлик йилларимда атеист бўлдим, кейинчалик мусулмончиликка берилдим. Агар Масиҳинг менга тинчлик ва ҳотиржамлик берса, қабул қилганим бўлсин» — деди.
Ўша куни ҳар доимгидан ҳам кўпроқ хурсанд бўлдим.
Бу билан ҳамкасбларимнинг таҳқирлашлари икки баробарга ошди. Директоримиз қулоғига етиб борган гап-сўзлар туфайли мени ишдан бўшатишди. Унинг устига ҳеч қандай тавсиянома ҳам беришмади. Бошқа ишга киролмай, узоқ қийналдим. Шунга қарамай, Худо мени ҳам оиламни ҳам оч қўймади. Мўъжиза билан иш топгунимча 9 ой, ҳеч нарсасиз яшадик. Худо кундалик овқатимизни таъминлаб турди. У ҳар куни мўъжиза билан ризқимизни етказарди. Болаларим ҳам очлик азобини тортишмади.
Бу хўрликлар ҳозир ҳам давом этади. Қўшнилар орасида, ҳозирги ишхонамда, яқин қариндошлар ичида, дин ҳақида гап кетганда, мени ёмон сўзлар билан тилга олишади. Сафларидан чиқариб юборишганига анча бўлди. Бу ажралишлар, инсон сифатида қадрланмаслик, ҳурматсизлик, дастлаб мени хафа қилган бўлса, ҳозир, шулар орқали, Худодан кўп нарсани ўргандим.