Ассалому алайкум. Сиз Муқаддас Каломда номлари тилга олинган кишилардан фақат машҳурларини биласиз. Кўпчилик, Муқаддас Каломдаги машҳур бўлмаган, аммо ҳаётлари бугунги кунда сиз билан бизга намуна бўлгулик кишлар ҳақида яхши билмайди. Муқаддас Каломни варақлар эканман, Мефибоситнинг ҳикояси диққатимни тортди. Ўқиганларимдан унинг қиёфасини, характерини кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилдим. Унинг қиёфаси ва характери менга жуда ёқди. Мефибосит, шоҳ ва пайғамбар Довуднинг дўсти Йўнатаннинг ўғли, шоҳ Шоулнинг невараси бўлган. У кўп жиҳатлари билан бизга жуда ўхшайди.
Гапларингизга тушунмадим. Қандай қилиб, Шоулнинг невараси Мефибосит бизга ўхшаши мумкин? У Шоулнинг наслидан бўлибгина қолмай, икки оёғи ногирон бўлган. Биласизми у қандай қилиб ногирон бўлиб қолган? Довуд тахтни эгаллашидан олдин, Филистийлар билан жангда Шоул билан Йўнатан ҳалок бўлади. «Шоул билан Йўнатан ҳалок бўлди» деб Йизрил шаҳридан хабар келганда, Мефибосит беш ёшда эди. Энагаси болани олиб қочаман деб, шоша-пиша кетаётганда, болани қўлидан тушириб юборган, бола эса ногирон бўлиб қолган.
Сиз мени нотўғри тушундингиз, Мен Мефибосит кўп жиҳатдан бизга ўхшайди, деганимда, айнан унинг ташқи қиёфаси ёки характерини ҳам эмас, унинг ҳолатини назарда тутган эдим. Биз Худонинг фарзандлари, ишончимиз туфайли, Худо хонадонига аъзо бўлганлармиз. Унинг ҳимояси ва марҳамати остида кун кечирамиз. Довуд, тахтга чиққач, Шоул хонадонидан бўлган Мефибоситни саройга чақиртириб, Шоулга тегишли бўлган ерларнинг ҳаммасини унга қайтариб берди. Ундан ташқари дўсти Йўнатанга берган ваъдасига кўра унга марҳамат қилди ва уни ҳар куни Довуд дастурхонидан таом ейди дея буйруқ чиқарди. Биз ҳам авваллари Худога қарши, ва Унинг фарзандлари эмас эдик. Бироқ Худонинг Ўзи бизга иноят қилиб, бизни Ўзига муносиб кўрди ва рамзий маънода ўзининг дастурхонига таклиф қилди. Биз ҳам энди Худо салтанатининг энг севимли аъзосимиз.
Мана энди нима демоқчи эканингизни тушундим. Шу гапларингизга қўшимча қилмоқчиман. Йўнатанни кўпчилик яхши билади, у меҳрибон ва Худога қарши иш қилмайдиган шахс бўлган. Мефибосит ҳам ана шундай отанинг ўғли. Ундан ташқари унинг камтарлигига ногиронлиги ҳам сабаб бўлган бўлса керак. Биз ҳам рамзий олиб қараганда ногиронмиз. Яъни бизнинг ҳам жиддий камчиликларимиз, заифликларимиз бор. Худди шу заифликларимизни назарда тутган ҳолда, доимо ўзимизни камтар олиб юрсак, Худонинг марҳаматига эришамиз.
Тўғри айтасиз. Мефибосит, меҳрибон, давлатга ружу қўймаган, ўзидан кўра Довуднинг ғамини ейдиган киши бўлган. Калом бўйича у шундай дейди: «Майли ҳамма мол мулкимга Зиба эгалик қилаверсин, Менга сизнинг соғлиғингиз кифоя». Хизматкори Зиба уни алдаб, Довудга Мефибоситни ёмон кўрсатмоқчи бўлди. Бизнинг атрофимизда ҳам шундайлар бўлиши мумкин.
Мефибосит ҳақида охирги гапимни айтмоқчиман. У Довуднинг марҳаматининг қадрига етди. Уни ҳурмат қилди ва охиригача унга содиқ қолди. Биз ҳам ундан ўрнак олсак арзийди.