Ассалому алайкум. Шоҳ Довуднинг ўғли Абсалом ҳақида эшитганмисиз? Кўпчилик бу ҳақида билади. Шундай бўлса ҳам у ҳақида қисқача маълумот беришни маъқул кўраман. Абсалом Довуднинг учинчи ўғли эди. Унинг онаси Гашур шоҳи Талмайнинг қизи эди. Каломда ёзилишича бутун Исроилда Абсалом каби чиройли, келишган одам бўлмаган. У бошдан – тирноғигача бенуқсон эди. Сочини кўтариб юриш оғирлик қилгани учун ҳар йил олдирарди. Олган сочини тортиб кўрганда сочининг оғирлиги 2,5 кило чиқарди.
Сиз Абсаломнинг ташқи кўринишини тасвирладингиз. Мен эса унинг нима учун шоҳликда ва Муқаддас Каломда отасига қарши чиққан салбий шахс сифатида тилга олинганини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бир куни Довуднинг катта ўғли Омнўн Абсаломнинг синглиси, Тамарани зўрлади. Бундан хабар топган Абсалом, қаттиқ ғазабланиб, зиёфат вақтида Омнўнни ўлдиради. Хўш, нима учун Абсалом бундай қарорга келди? Аслида қарорни Абсалом эмас отаси Довуд чиқариши керак эди. Каломда Довуд бўлган воқеаларни эшитиб қаттиқ ғазабланди, деб ёзилган. Бироқ Омнўнга қарши ҳеч қандай жазо қўлламаган.
Демак, Абсалом отасининг ишларини нотўғри деб билиб шундай қарорга келган экан-да! Бу Довуднинг хатоси. Агар Довуд Омнўнга қарши бирор жазо қўллаганида, Абсалом қўлини қонга беламаган бўларди. Каломда ёзилганларига қараб Абсаломнинг қандай шахс бўлганини билишимиз мумкин. У ақли расо, доимо отасининг ишларини кузатиб борадиган йигит бўлган. Отасининг хатоларини кўздан қочирмаган. У келажакда отасидан кейин шоҳ бўлишни ният қилган бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки шоҳ бўлиш учун унда қадди қомат, чирой ва ақл етарли эди. У бошқаларни ўз ортидан эргаштира оларди. Ундан ташқари у кекчи эди. Отасига нисбатан кек сақлаб келган.
Балки Довуд ҳамма фарзандларига бирдай муносабатда бўлмагандир. У Омнўнни Абсаломдан кўра кўпроқ яхши кўргандир. Фарзандлар буни жуда яхши ҳис қилишади. У отасининг хатоларини кўриб, ўзича отам шоҳ бўлишга нолойиқ деб хулоса чиқарган. У аста-секин отасига қарши зимдан иш кўришни маъқул кўрди. У жанжалли иш билан шоҳ ҳузурига арз қилиб келаётган одамни тўхтатиб: «Сенинг даъволаринг тўғри, сен ҳақсан. Агар юртга мен ҳакам бўлганимда эди, шикоят билан менинг олдимга келган одамга адолат қилардим», дерди. Шу йўл билан у халқни ўзига оғдириб олди. Вақти келганда эса…
Тўхтанг, тўхтанг. Биз Абсаломнинг нега бундай бўлиб қолгани ҳақида мулоҳаза юритаяпмиз. Сиз эса унинг салбий жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратаяпсиз. Албатта у отасига қарши чиқди. Бироқ фикримча бу отасидан ўч олишдай, ёки ёш боланинг отасидан аразлаб унга қулоқсизлик қилишига ўхшайди. У хато қилганидан сўнг, Довуд у билан ярашди. Аммо ота-бола дилдан суҳбат қилишмаган кўринади. У отасининг нега бундай иш тутганини билмаган.
Агар ота-бола дилдан суҳбатлашганида Абсалом отасига қарши исён қилмасди, демоқчисиз. Шундайми? Нима бўлганда ҳам Абсалом, ёвузлик қилмасликни танлаши мумкин эди. У ёвузликни танлагани учун Худо уни жазолади. Худо танлаган шоҳга қарши чиқиб бўлмаслигини у билган бўлиши керак. Хуллас, фарзанднинг келажагини ота-она белгилаб беради ва яхшилик ва ёмонликни танлаш инсоннинг ўзига боғлиқ.