3:12

Иримлар

MP3

Ассалому алайкум қадрдон суҳбатдошлар. Сизлар билан аввал ҳеч ҳам бу мавзуда суҳбатлашмаганмиз. Аммо ҳаётни кузатар эканмиз, кўпчиликнинг ҳаёти шу иримлар билан боғлиқ эканини кўрамиз. Иримлар. Иримлар. Иримлар. Қаерга борманг, ҳамма жойда у ёки бу иримларни эшитасиз. Айниқса ёши катта кишилар бу иримларга жуда ишонишади. Уларнинг изидан ёшлар ҳам. Иримларни бир неча турга бўлиш мумкин. Баъзи иримлар чиндан ҳам бидъатнинг ўзи. Баъзи бирлари эса тозаликка асосланган.

Сиз иримларга қандай қарайсиз билмадим-у, мен буларнинг ҳаммасига ҳам мутлақо қаршиман деб айтолмайман. Айтганингиздек баъзи иримларнинг турган битгани бидъат. Лекин бошқалари ёшларни гигиенага, нарсаларни исроф қилмасликка ўргатади. Масалан мен ёшлигимда бувимдан, нон ушоқларини ерга тўкиб бўлмайди, ёмон бўлади, деб эшитганман. Ўшанда нега ёмон бўлар экан, деб ўйлаб тушунолмасдим. Ëки бўлмаса нон увоқларини босса, дадасини пули камайиб қолади, дейишарди. Чиндан ҳам шундай бўлади, деб нон увоқларини жуда авайлардик.

Бундай иримларга қарши эмасман. Улар болаларни ва ёшларни тозаликка, озиқ-овқатларни увол қилмасликка ундайди. Лекин бошқа иримлар кишиларни яшаш завқидан маҳрум қилади. Масалан куннинг қайсидир бир кунида бош ювиш мумкин эмас, ёки тирноқ олиш мумкин эмас, кечқурунда уй супуриб бўлмайди, эрталабда кимгадир пул бериб бўлмайди, қўшнига супурги бериб бўлмайди, қўлга қалампир бериб бўлмайди, кул билан ахлатни аралаштириб бўлмайди, супургини тикка тургизиб бўлмайди, ва ҳокозо. Бундай иримларни кўплаб келтириш мумкин. Уларга амал қилиш яшаш бизни кўп нарсадан чеклаб қўяди-ку!?

Гапингизга қўшиламан. Иримларнинг 90 фоизини ёлғон ташкил қилади. Баъзи иримларнинг эса 50 фоизи ёлғон. Масалан нонни увол қилиш мумкин эмас, чунки бу нонни нон ҳолатига келтиргунча қанчадан қанча кишиларнинг меҳнати сингган. Ундан ташқари ейдиган нарсангни увол қилма, дейиш мумкинку. Ёки эснаганингда оғзини қўлинг билан бекит, акс ҳолда шайтон болалаб кетади, деган ирим ҳам бор. Буни бошқача қилиб, яъни аслидагидек қилиб тушунтириш ҳам мумкин. Оғизни очиб эснаш, маданиятсизликнинг белгиси. Эснаётганда оғизни юмиб эснаш керак. Худди шу ҳолатда болаларга ташқи этикетни ўргатиш мумкин.

Бутунлай иримларга ишонадиган одамларга нима дейсиз? Иримларни ёлғон деб кўринг-чи! Кишилар бирор нарсага қандай ишонишни истасалар шундай ишонадилар. Иримчилар кундалик ҳаётларини иримсиз тасаввур қилаолмайдилар. Улар бундан бошқача ҳаёт кечира олмайдилар ҳам. Гарчи булар ўзларига ўхшаган одамлар томонидан ўйлаб топилганлигини билсалар ҳам, шунга ишонадилар. Бу уларнинг ҳаёт тарзи.

Ирим ҳар бир миллатда бор нарса, фақат уларга ишониш ишонмаслик инсоннинг дунёқарашига боғлиқ. Комил инсонлар иримлардан юқори турадилар. Иримлар инсон ҳаётини бошқармаслиги керак. Инсон ўзи бир нарсани ўйлаб топади-да, кейин ўзи шунга қарам бўлиб ўтираверади. Шу иримсиз бир қадам босолмайди. Яшашдан мақсад бу бўлмаслиги керак. Нимагадир ёки кимгадир ишонишни истайсизми, марҳамат, бутун коинот Яратувчиси Сарвари Оламга ишонинг ва унга суянинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top