3:26

Худони кутиш

MP3

Ассалому алайкум қадрдон биродарлар. Сиз билан гувоҳликларни бўлишар эканмиз, буларнинг бари сиз билан биз яшаб турган даврда бўлаётганини айтиб ўтмоқчимиз. Ҳа бугун айтиб бермоқчи бўлган гувоҳлигимиз ҳам сиз яшаётган кунларда бўлиб ўтган. У яқин атрофингиздаги биродарингиз ҳаётида бўлиб ўтган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ биз гувоҳликлар чоғида исмларни шартли равишда ўзгартирамиз. Воқеа эса аслилигича қолади. Бир сафар анчадан буён кўрмаган биродаримнинг уйида меҳмон бўлдим. У билан кўришиб, анча суҳбатлашдим. Бу гувоҳликнинг ўша биродарим айтиб берган эди. Бу унинг жамоатидаги бир аёлни ҳаётида бўлган воқеа. У оиланинг тўнғич қизи.

Шодия бироз шаддодроқ бўлса ҳам, ота-онасига меҳрибон ва сингилларига ғамхўр эди. Турмушга чиққач, отаси унинг имони туфайли уйига киритмай қўйди.

Бироқ отаси уйда бўлмаган пайтларида онасини кўргани бориб турарди. Онаси аввалдан касалманд бўлгани учун, кўпам оғир иш қилолмасди. Шунинг учун ҳар сафар борганида онасига ёрдамлашиб келарди. Қизининг келганини онаси ҳам сингиллари ҳам отасига билдиришмасди. Шунга қарамай ота уйдаги ишларнинг саранжомлигидан қизининг келганини сезса ҳам сезмасликка олиб юраверарди. Шодия оиласи билан бошқа шаҳарга кўчиб кетди. Анча вақт онасини кўролмади. Бир куни танишларидан бири унин қўлига хат тутқазди. Хат иккинчи синглисидан экан. Хатда ёзилишича охирги пайтларда онасининг аҳволи ёмонлашган, тинмай, Шодияни сўраётгани ёзилган эди.

Аксига олиб эрининг ишлари юришмай, уйда йўлкира учун ҳам пул йўқ эди. Шодия то йўлкирага пул топиб, ота уйига боргунча, уч-тўрт ҳафта вақт ўтди.

Шодия минг ҳадик ва ўйлар билан онасини кўргани борди. Она анча ўзини олдириб қўйган. Кўзлари ҳам хиралашганди. Унинг кўринишидан ўлими яқинлиги маълум эди. Сингиллари Шодияни кўриши билан увиллаб йиғлаб юборишди. Шодия астагина онаси ётган хонага кирди. Онанинг кўзлари хиралашган бўлса ҳам, Шодиянинг келганини сезган, хурсандлигидан кўзларидан ёш томди. У Шодияга интиқ эди. У худди бир нарсани айтиб қолиши керакдек тутарди ўзини. Шодия онасига яқинроқ келиб: «Она, мен келдим, энди сизга ўзим қарайман. Ўзим овқатлантириб қўяман», — деди. Онаси унинг қўлларини енгилгина сиқиб, сўзларини тинглашни буюрди. «Шодия» — деди заиф хирқироқ овоз билан «сени отанг имонинг туфайли уйга киритмай қўйган бўлса ҳам, мен сендан ҳеч қачон кечмаганман.

Сен билган Худойинг ҳақида мен ҳам билишни хоҳлардим, аммо энди кечга ўхшайди. Вақти соатим тугай деб турибди. Мен сени узоқ кутдим. Келсанг билганларингни менга ўргатасанми, деб кутдим. Мен ҳам сен ишонган Худога ишонаман. Сенинг сўзларинг орқали, ўқиган китобинг орқали ишонаман. Фақат бу Худога қандай имон келтиришни билмай турибман. Менга ўргатасанми қизим?» Шодия йиғидан ўзини тўхтатолмасди. Ҳам ғамдан ҳам қувончдан йиғларди, у. Шодия аста-секин ибодатни сўзма-сўз айтиб турди, онаси эса такрорлади. «Омин» бу сўзларни айтиб бўлгач, онаси мангу уйқуга кетди. Онанинг юзи ҳотиржам ва миннатдор қиёфада эди. Шодиянинг ҳислари аралшиб кетганди. Онасининг Худонинг олдига борганидан юраги шодланса, энди ундан айрилиб қолганига куйинарди. Онаси аллақачон ўлиб кетиши мумкин эди, бироқ у Худони кутаётган эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top