3:36

Зорафатлик бева аёл 2

MP3

Ассалому алайкум. Сизлар билан яна дийдорлашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Ёдингизда бўлса биз сизлар билан ўтган сафар Зорафатлик бева аёл ҳақида суҳбатлашган бироқ суҳбатимиз ниҳоясига етмаган эди. Бугун сизлар билан ўша ҳикоянинг давоми ҳақида бажонудил суҳбатлашамиз. Бу суҳбат орқали сиз ўша даврда Худога ишонмайдиган одамлар орасида ҳам Худони тан олган, ҳаётидаги мўъжиза орқали имони кучайган одамлар бўлганини билиб оласиз. Суҳбатимизни давом эттиришдан олдин Зорафат қишлоғи ва ўша аёл ҳақида қисқача эслатиб ўтсак.

Ҳа. Ўтган сафар айтганимиздек, Зорафат қишлоғи, Сидон шаҳридан ўн беш километр жануброқда жойлашган эди. Сидон шаҳри эса Финикия давлатининг муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳарларидан бири бўлган. Бу давлат ягона Худога эмас, турли хил бутларга сиғинишарди. Бироқ Зорафат қишлоғилик бева аёл қандай қилиб Худога ишонди. Балки у олдиндан исроилнинг Худоси ҳақида билгандир. Балки унга юракдан ишонгандир. Чунки Худо одамларнинг юрагини билади.

Бу ҳақида руҳсат берсангиз мен давом эттирсам. Каломда ёзилишича Худо Зорафатлик бева аёлни олдиндан огоҳлантириб қўйган. Яъни Илёснинг келгач уни боқишни буюрган. Бутпараст Худонинг буйруғини қандай олгани ҳақида бизда маълумот йўқ. Балки тушида аён бўлгандир, ёки бўлмаса фаришта орқали маълум қилгандир. Нима бўлса ҳам Илёс келиб ундан сув ва ейишга нон сўраганида, аёл ва унинг ўғли танг аҳволда эди. Танг аҳволда қолган киши, бутунлай умидсизликка тушади. Бу аҳволда Худони билган киши ҳам Худодан умидини узиши тайин. Аммо ҳикоянинг давомини эшитинг.

У Илёсга: «Эгангиз Худо шоҳид. Уйимда … хумда бир ховуч ун ва хурмачада озгина ёғ бор холос. Икки учта тараша ўтиб териб олсам, бориб ўзим ва ўғлим учун нимадир тайёрлаган бўлардим. Бу охирги егулигимиз бўлади. Ундан кейин ўлиб кетармиз.» Мен бу аёлнинг ҳолатини жуда яхши тушунаман. Чунки бизнинг ҳам оиламизда шундай ҳолат юз берган. Уйда ейишга ҳеч вақоси йўқ одам, бутунлай тушкун ҳолатда бўлади. Унинг Илёсга қараб йиғлаб юборай деб гапираётганини тасаввур қила оласизми?

Илёс унга: «Қўрқманг, бораверинг, егуликни тайёрлайверинг. Фақат олдин ўша ун ва ёғдан кулча қилиб, менга олиб келиб беринг. Ўзингизга ва ўғлингизга эса кейин қиларсиз. Бинобарин, Исроил халқининг Худоси – Эгамиз шундай айтмоқда: «Мен ер узра ёмғир ёғдирмагунга қадар, хумдаги ун тамом бўлмас, хурмачадаги ёғ ҳам тугамас.»» Бу жуда қизиқ илтимос, тўғрими?! Агар уни шундай қабул қилсангиз Илёс пайғамбар худбинлик қилаётганга ўхшайди.

Аммо ёдингиздан чиқарманг. Бу ерда Худо ишлаяпти. У Илёснинг сўзлари орқали Зорафатлик бева аёлни синаб кўрмоқда эди. Худо бизнинг ҳаётимизда ҳам шундай ишларни қилади. Бизга муҳтожликлар, қийинчиликлар берадики, шу орқали Унга бўлган имонимизни синайди. Баъзида эса шу орқали Ўз қудратини ва кимлигини кўрсатмоқчи бўлади. Бундай пайтда биз фақат Унга қараб, ундан кутсак бас. Зорафатлик аёл жуда катта иш қилди. У уйидаги ун охиргиси эканини билса ҳам, таваккал қилди. Исроилнинг Худоси юборган зотга ишониб, бор унини ишлатиб, унга нон ва сув келтириб берди. Оқибатда эса ҳаётида аввал кўрмаган мўъжизани кўрди. Сизнинг ҳаётингизда ҳам шундай бўлиши мумкин. Бу сизга боғлиқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top