Ассалому алайкум қадрдонлар. Сизлар билан ҳар сафар эфир орқали суҳбатлашар эканман. Бундан завқланаман. Ҳар холда Худо бизга яратаётган имкониятдан тўғри ва яхши фойдаланишга ҳаракат қиламан. Биз ҳар куни олдимизга олам-олам режаларни қўйиб, кун давомида ўша ишларни қилишга шошамиз. Эрталабда Худодан бугунги кун учун донолик ва ҳимоя сўраймиз-да, кейин Худони қолдириб, ишимизга шошиламиз. Бироқ Худо биз ўйлагандек, фикрламайди. Худонинг ўйлари бизники билан мутлақо мутаносиб эмас. Биз ўз билганимизча, ақлимиз етганича фикрлаймиз. Доно, қудратли, меҳрибон ва иноятли Худойимиз, биздек иш тутмайди. Бунга яқинда амин бўлдим.
Бу гувоҳликни бир йигитнинг ўз оғзидан эшитиб қолдим.
У бир неча ойлардан буён, Исо Масиҳ ҳақида ўйлаб юрар, Исо Масиҳ ҳақидаги ҳамма ҳақиқатлар, Каломлар унга ёқсада, ҳаётига Нажоткори сифатида қабул қилишга иккиланаётган эди. Шундай бўлса ҳам, ҳаётида бўлаётган Худонинг ишларига эътибор қиларди. Бир куни ҳар кунгидек, ишга бориш учун, такси маршрутга чиқади. Маршрут ичи одамга лиқ тўла. У эшик олдида ўтириб қолибди. Бир йўловчини тушириб юбориш учун ўзи ҳам тушишига тўғри келди. Йўловчи тушиши билан унинг орқасида бир аёл сирғалиб, йигитнинг жойига ўтириб олди. Йигит бу унинг жойи эканини ҳар қанча тушунтирмасин, аёл шошилаётганини баҳона қилиб, унинг жойини бўшатмади. Ноилож йигит кейинги маршрутни кутишга қарор қилди.
Ишга кеч қолишини ўйлаб, ҳамда ўша аёлнинг безбетлигидан асабийлашди. 10 дақиқалардан кейин бошқа маршрутга чиқди. Уч тўрт бекатдан сўнг негадир тўхтаб қолишди. Бир маршрут йўлнинг ўртасида думалаб ётарди. Йигит бу ҳалиги ўзи мажбуран тушиб қолган маршрут эканини таниди. Ичида нимадир шиғ этди. Йўловчилар бирин кетин, тушиб, бўлган воқеани кузатишарди. Йигит ҳам бориб маршрут ичидаги аёлни кўрди. Унинг жонсиз танаси, маршрут ичида бошқа жасадларга ёпишиб қолганди. Маълум бўлишича, бошқа томондан келаётган камаз маршрутни уриб юборган. Ҳеч бир йўловчи соғ қолмаган. Жуда ачинарли ва қўрқинчли ҳолат.
Йигит ортга қайтаркан, Худонинг ғамхўрлигини ҳис қилди. Бироз олдин Худо унинг ҳаётини сақлаб қолди.
Қандай меҳрибон ва ғамхўр Худойимиз бор. У ҳамма нарсани олдиндан билади. У нимани ўйлаганди. Тезроқ ишига етиб олишни. Худо эса бу унинг маршрути эмаслигини кўрсатди. Уни ўша маршрутдан тушириб қолдирди.
Бу воқеа унга қаттиқ таъсир қилди. У ўша куннинг ўзидаёқ, Исо Масиҳни ўзининг Рабби ва Нажоткори деб қабул қилди. Худони юрагига ва ҳаётига киргизди.
Сиз автобусингиз кетиб қолса нима қиласиз? Асабийлашасиз, ўша автобусга улгурганингизда эртароқ манзилингизга етиб борган бўлардингиз. Сиз фақат шу нарса ҳақида ўйлайсиз. Худо эса сизни қайси автобус, трамвай, таксига ўтирғизишни билади. Муҳими ҳар тонг ишга ёки ўқишга кетаётиб, Худонинг бошқарувни сўранг. Айнан қайси транспортга ўтиришингизни хоҳласа ўшанга ўтиришга ҳаракат қилинг. Агар режаларингиз, ишларингиз сиз кутганчалик бўлиб чиқмаса, асло ҳафа бўлманг. Худо бошқача йўл тутади.