MP3

Ҳакамлар ҳукмронлик қилаётган пайт. Юртда қаҳатчилик юз берди. Байтлаҳмлик бир оила, қаҳатчиликдан қутулиш йўлини излашмоқда. Оила бошининг боши қотган. Алималик ҳар қанақасига бўлса ҳам оиласини таъминлашни хоҳлайди. Икки ўғли ва хотини билан бу қийинчиликдан чиқиб кетишнинг иложини излашаяпти. Нима қилиш керак? Ягона чора қолди. У ҳам бўлса бошқа ерга бориш. Ҳаммаси Моабга қараб йўл олишди. Етиб келгач, Мўабда ҳаёт яхши эканини кўришди. Шу ерда анча туриб қолишди. Ўғиллари Маҳлон ва Килионни ҳам Мўаблик қизларга уйлантиришди.

Дастлаб, Наима ўз юртини қўмсаб юрди. Кейин эса ҳаётнинг яхшилигидан бу ҳақида ўйламай ҳам қўйди. Моабда ўн йил яшашди. Бахтсизликни қарангки, аввал эри кейин эса ўғиллариган ажраб қолди. Бир аёлга бу дард кўплик қилади.

Келинлари билан ёлғиз қолган Наимани ҳеч нима юпата олмасди. Келинларини кетказишни истамаса-да, уларни олиб қолишга ҳеч қандай сабаб топа олмасди. Агар келинларини кетказиб юборса, бутунлай ёлғиз қолади. Кетказмаса, уларни олиб беришга бошқа ўғли ҳам йўқ.

Келинлари ҳали ёш, турмуш қуриб болали бўлишлари керак. Наима ўтган кунларини эслади. Ўз юртида яшаётганида қандай тўкис эди-я. У чиндан ҳам бутун оиласи билан бирга маза қилиб яшарди. Ўз юртида бўлган қаҳатчиликни айтмаса, бутун оила жамул-жам эди. Ҳар сафар ўйлагани сари, ўз юртидан чиқиб кетганига ачинарди. Аммо вақтни орқага қайтаришнинг иложи йўқ. Эрини ва ўғилларини тирилтириб келолмайди. Бу юртга келганига афсусланди. У ўз ғамида қовурилиб, ҳеч нарсага қарамасди. Бутунлай тушкунликка тушиб қолганди.

Бироқ атрофида келини Рут югуриб-елар, унинг дардини енгиллатишга ҳаракат қиларди. Келини Рутни ўз хонадонига кетказа олмагач, иккалови биргаликда Яҳудога, Байтлаҳмга қайтиб келишди. Наиманинг қайтиб келганини кўрганлар, ундан ҳаёти ҳақида, Моаб ҳақида суриштира бошлашди. Наима эса уларга: «Мени Наима деб атаманглар, яхшиси Мара деб атанглар. Чунки ҳаётимда аччиқ дамларни кўп кўрдим. Ўз юртимдан тўлиқ бўлиб чиқиб кетган эдим. Мана, ёлғиз қайтдим.» У шу пайтгача ҳам ўзидаги энг катта марҳамат ва баракатни кўрмас ва сезмас эди.

У ўз юртига келгач, қариндош-уруғларини кўриб, улар билан суҳбатлашиб, анча ёзилди. Дардини аста-секин унута бошлади. Яшаш керак, лекин ўзи дала ишларига ярамайди. Шунинг учун бошқалар каби бошоқ териш учун келини Рутни далага юборди.

Барака топгур, келини ғинг демай, ҳамма айтганларини сўзсиз бажаради. Бирам меҳрибон, бирам ақллики. Наиманинг ҳамма гапларига индамай итоат қилганиничи. Бундай келин оламда бор эканми? Қанча мажбурламасин уни ота уйига жўната олмади: «Мени ўзингиздан ажратманг, сизнинг юртингизни ўзимнинг юртим, халқингизни ўзимнинг халқим, Худойингизни эса ўзимни Худойим дейман», — дейди.

Аста секин, Наима Худонинг марҳаматини кўра бошлади. Оиламни йўқотдим, деб Худодан бекор нолиган экан. Худо унга ўғилдан ҳам аълороқ келин берганини сезмаганини қаранг. Бу келинга қараб, Худонинг унга бўлган марҳамати ва муҳаббатини қайта ҳис этди. У келини билан Бознинг тўйини кўрди. Ҳаёти яна қувончга тўлди. Ундан ташқари келинининг ўғли, неварасини тиззасига олиб ўтириб, катта қилди. Бундан ортиқ бахт бор эканми? У Худонинг марҳаматини кўрган эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top