Ассалому алайкум. Бугун Муқаддас Каломда номи тилга олинган Гахази ҳақида суҳбатлашамиз. Бу одамнинг сифатларини ўзаро муҳокама қиламиз. Чунки унинг ҳаёти бизга анча-мунча нарсани ўргатиши мумкин. Гахази қандай пайғамбар экан, деб ўйлаётгандирсиз?! Гахази оддий бир хизматкор эди холос. У Элишай пайғамбарга хизмат қилган. Энди гап ким ҳақида кетаётганини англадингиз. Элишай Илёсдан пайғамбарлик руҳидан икки ҳисса кўпроқ олиб қолганидан кейин, Яҳудода пайғамбарлик қила бошлади.
Аслида Илёснинг осмонга олиниш чоғидаги муносабатлари ҳақида гапиришни ёқтираман. Бироқ бу бутунлай бошқа мавзу. Қадимда пайғамбарлар ҳам хизматкор тутишган. Бу нарса оддий ҳол ҳисобланган. Ҳатто баъзи хизматкорларнинг ҳам хизматкорлари бўлган. Қизиқ-а!
Муқаддас Каломда Элишай Гахазини қачон ўзига хизматкор қилиб олгани ёзилмаган. Бироқ Элишай қаерга бормасин, кимлар билан учрашмасин, Гахази доимо унинг ёнида бўлган. Элишайнинг мўъжизаларини ўз кўзлари билан кўрган.
Демак, Гахази Элишайнинг қалбини, қандайлигини бошқалардан кўпроқ билган бўлиши керак, чунки у Элишай билан бошқалардан кўпроқ ҳамсуҳбат бўлган. Худонинг одамига яқин бўлган одам, ундан кўп нарса ўрганиб у ҳам Худога яқин бўлиши керак эмасми? Бизда бир мақол бор: «Қозонга яқин юрсанг қораси юқади». Албатта бу мақол ҳозирги ҳолатга унчалик тўғри келмаса ҳам, Элишайга яқин юргани учун Худо, Элишай ва халқнинг орасида кечган ҳолатларни яхшироқ кўрган бўлиши керак. Шундай одам Худо ҳақида кўпроқ билиши ёки салкам пайғамбар бўлиши керак эмасми?
Афсуски ундай бўлмаган. Элишай Ором шохининг лашкарбошиси Нўъмонни шифолади. Нўъмон унга миннатдорчилик юзасидан совға-саломлар бермоқчи бўлди. Бироқ Элишай совға-саломларининг бирортасини ҳам олишни истамади. Нўъмон қайтариб олиб кетишга мажбур бўлди. Биласизми, бу совға-саломлар, бойликлар Гахазини тинч қўймади. Каломда шундай ёзилган: «Нўъмон Элишай ҳузуридан чиқиб, ҳали унча узоқ йўл юрмаган ҳам эдики, пайғамбар Элишайнинг хизматкори Гахази ўзига-ўзи айтди;
«Ҳазратим, анови Ором халқидан Нўмон келтирган ҳадяларни қабул қилмасдан унга ижозат берди. Худо ҳақи! Ортидан югуриб бориб, бирор нарса ундирай.»
Гахази Нўмоннинг орқасидан кетди. Нўъмон ортидан келаётган Гахазини кўриб, уни қарши олгани аравадан тушди. – Тинчликми? – сўради Нўъмон. – Тинчлик, — деди хизматкор, — хўжайиним мендан айтиб юборди, унинг ҳузурига Эфрайим қирларидан пайғамбарлар гуруҳидан иккитаси келибди. Уларга икки пуд кумуш ва икки сидра кийим-бош бераркансиз.»
Нўъмон уни тўрт пуд кумуш олишга кўндирди. Аслида уни кўндиришга ҳам ҳожат йўқ эди. Чунки, у совғаларнинг ҳаммасини олишга умидвор эди. У қилаётган иши Элишайга ёқмаслигини, яхши иш қилмаётганини яхши биларди, шунга қарамай, бойликни кўзи қиймай, ҳаммасини ўз уйига яшириб қўйди. Элишайнинг «Қаерда эдинг», деган саволига «Ҳеч қаерда», — деб жавоб берди. Элишай унинг нима иш қилганини биларди. Шунинг учун ҳам уни лаънатлаб, умрбод мохов касалига дучор қилди.