MP3

Ассалому алайкум. Бугун ҳам суҳбатимиз давомида Элишай пайғамбарга хизматкорлик қилган Гахази ҳақида сўз юритамиз. Ўтган сафар суҳбатимиз ниҳоясига етмаган, Гахазининг барча сифатларини очиб беролмаган эдик. Биласизми, Элишай пайғамбар қаерга бормасин, хизматкори ҳам у билан бирга бўлган. Улар яхши-ёмон кунларда бирга бўлишган. Бир товоқдан овқат ейишган бўлса ҳам ажаб эмас. Элишай одамлар орасида қандай мўъжиза қилмасин, уни бу мўъжизани кимнинг кучи билан қилаётганини ҳам биларди. Элишайнинг Худоси, унинг ҳам худоси эмасмиди?!

Биз агар киши яхши одамлар даврасида бўлса, яхши бўлади. Ёмон одамлар даврасида бўлса, яхши одам ҳам ёмон бўлиб кетади, деб ўйлаб адашамиз. Инсон қандай одамлар даврасида бўлмасин, яхши ёки ёмон бўлиш ўзининг ихтиёрида.

Назаримизда, Гахази Элишай пайғамбар билан бирга юрган бўлса ҳам, чин дилдан Худога қалбини берган одам бўлмаган. У Элишайнинг орқасидан келадиган совға-саломларга қизиққани аниқ. Муқаддас Каломда унинг Нўъмонни ортидан бориб, тўрт пуд яъни 68 кило кумуш ва кийим-кечакларни олгани ёзилган.

Бироқ, фикримизча бу ишни бир марта қилмаган. Чунки биринчи марта шундай иш қилаётган киши ўзини бунчалик эркин ва бемалол тутмайди. Авваллари ҳам шундай иш қилган-у, Элишай сезмаган. Ëки сезган бўлса ҳам, унинг ўзгаришига ва тавба қилишига имкон берган. Аммо Гахазини буни тушунмади. Шунинг учун ҳам Элишай унга: «- Ўша одам аравасидан тушиб, сенга пешвоз чиққанда, менинг руҳим сен билан бирга эмасмиди? – Ҳозир кумушу либослар… оладиган пайтми?! Шу қилганинг учун Нўъмоннинг мохов касали сенга ва сенинг наслингга абадий ёпишиб қолсин.»

Афсус. Тавба қилишга энди кеч бўлган эди. Элишай шу сўзларни айтиши билан Гахази қордай оппоқ мохов касалига чалиниб Элишайнинг ҳузуридан чиқди. Бу таъмагирлик, моддиятга бўлган кучли севгиси уни шу куйга солди. Унга нима етмаётган эди?! У Элишай билан бўлганида оч-яланғоч қолмаган, ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган. Ўз уйи ва ўз хизматкорлари бўлган. Бундан ташқари яна нима керак?! Бойликка ружу қўйиш, кишини ёмон аҳволга солиб қўяди.

Гахазининг қилган ёмон иши ҳақида гапириб, уни бутунлай ёмон одамга чиқариб қўймоқчи эмасмиз. Чунки бир одам бутунлай яхши ёки бутунлай ёмон бўлиши мумкин эмас. Ëдингизда бўлса, Элишай Шунамлик бой аёлнинг уйига келганида, хизматкоридан: — Бу аёл учун нима қилишим керак? – деб сўради.

Элишай, хизматкори Гахазининг фикрини билмоқчи эди. Гахази ҳам тўғри маслаҳат берди. У аёлнинг фарзандсизлигига ачиниб, Элишайдан, бу аёлга ёрдам беришини сўради.

У чиндан ҳам бу аёлнинг аҳволига ачинди. Унга ўзи ёрдам беролмаса-да, Элишай унга ёрдам бериши мумкинлигини биларди. Чунки, у Худонинг Элишай орқали қилган ишларини кўп марта кўрган. У эътиборли ва зийрак шахс бўлган. Акс ҳолда, аёлнинг фарзандсизликдан қийналаётганини ҳис қилмаган ва кўролмаган бўларди. Албатта у Элишайга сидқидилдан хизмат қилган. Шундай бўлмаганида Элишай уни хизматкор қилиб танламасди. Кўриб турганингиздай, таъмагирлик, бойликка ўчлик кишини кўпинча ноқулай аҳволга солиб қўяди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top