MP3

Кичик шаҳзода ҳашаматли қасрда яшайди. У бир нарсани яхши тушунмайди. Ўқитувчиси яхши, у кўп қизиқарли ва унга ёқадиган нарсаларни ўргатади. Худо ҳақида, Худонинг ўз халқига қилган мўъжизалари ва ғамхўрликлари ҳақида гапиради. Ҳар сафар бу каби ҳикояларни узоқ вақт тинглаб ўтиришни истайди. У билан бирга суҳбатлашиш жуда ёқимли. Бироқ бир нарса уни қийнайди. Нега отаси Омон устози айтган ишларни қилмайди. Нега отаси яна бошқа худоларга ҳам сиғинади? Ёки отаси у билган нарсаларни билмайдими?

Шаҳзода катта бўла боргани сари, отаси билан устозини солиштира бошлади. Халқни, одамлар ҳаётини кузатди. У керакли хулосага келди. Бир кун келиб шоҳ бўлса, отаси қилган ишларни қилмайди. Бу жуда ажойиб қарор. Бироқ юқорида айтганларимиз бизнинг Йўшиё ҳақидаги тахминларимиз ҳолос.

Унинг бунчалик яхши ва Худо йўлида юрадиган шоҳ бўлиб етишишига кимдир туртки бўлган бўлиши аниқ. Муқаддас Каломда Йўшиёнинг Шофон деган котиби бўлгани ҳақида ёзилган. Бу котиб ҳар доим у билан бирга бўлган. Балки ўша котиб унинг устози бўлгандир. Йўшиё шоҳ бўлганида жуда ёш бўлган. Бироқ Худонинг марҳамати, зеҳни ва атрофдагиларнинг ёрдами билан яхши шоҳ бўлиб етишди.

У жуда ҳалол, одил ва ягона Худога итоат қиладиган шоҳ эди. Бу борада у ота-боболарига ўхшамади. Чунки отаси Омон ҳам бобоси Манаше каби, Худодан юз ўгириб, бегона худоларга сиғинди. У шоҳ бўлгач, юртдаги ҳамма бегона худоларнинг маъбадларини, қурбонгоҳларини, тепаликларини ва устунларини ҳам вайрон қилиб ташлади. Бегона худоларнинг пайғамбарларини юртидан ҳайдаб чиқарди. Худди Исо Масиҳ маъбаддан сотувчиларни қувгандек, у ҳам бегона ҳудоларга тегишли бўлган ҳамма нарсани йўқ қилди.

Йўшиёга Маъбаддан Таврот китобини топиб олиб келтиришгач, Китобдаги нарсаларни ҳар куни бирин кетин ўқиб чиққан. Аслида Муқаддас Каломда унга китобни ўқиб беришгани ёзилган. Ким ва неча кун ўқиб бергани маълум эмас. Бироқ Йўшиёнинг ўрнида мен бўлганимда Худонинг китобини ҳар куни бир махсус вақт белгилаб, ўқитган бўлардим. У ҳам шундай қилган бўлса ажаб эмас. У каломдан қанча кўп нарса эшитар экан, ўз юртига тушган кўргуликларга фақат, ота-боболари ва халқ айбдор эканини билиб олди.

Кейин эса Каломда ёзилганига мувофиқ иш кўрди. Худо унинг ҳаракатлари ва юрагини кўриб, бир пайғамбар аёл орқали шундай деди: «…ҳузуримда нола қилдинг. Мен ҳам илтижоларингни эшитдим. Шунга кўра, сен ота-боболаринг ёнига ҳотиржам кетасан, ўз қабрингга дафн этиласан.

Бу юртга Мен келтирадиган жамики фалокатларни сен кўрмайсан.» Биласизми, Худонинг Каломига кўра Йўшиё арвоҳ чақирувчиларни, фолбинларни, хонаки санамларни ва бошқа бутларни йўқ қилиб ташлади.

Бошқаларнинг хатосидан кўриб ўрганиш жуда яхши одат. Худди Йўшиё, Худонинг Каломига ташна бўлганидай, биз ҳам ҳаётда бу руҳий озуқага ташна бўлишимиз керак. У китобдагиларга амал қилганидай, биз ҳам Худонинг амрларига сўзсиз амал қилишимиз лозим. Агар чиндан Худога ишонсак, уни севсак, унинг амрларини бажариш ҳам қийин бўлмайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top