Оила ҳақиқий оила бўлиб шаклланиши учун эр-хотинлар турмуш қурганларидан кейин бир неча йил бир-бирларини ўрганадилар. Кўпинча бу уруш-жанжаллар орқали бўлса-да, оиланинг мустаҳкамланиб кетишига катта ҳисса қўшади. Фақат жанжаллар тўғри ҳал этилиши, эр-хотинларнинг мақсади оилани сақлаб қолиш бўлиши керак. Айтишларича, жанжаллашгандан сўнг ярашмай уйқуга кетмаслик керакмиш. Шу тўғрими? Муқаддас Китоблардан бири бўлган Инжилда шундай бир оят бор: «Кун ботгунга қадар ғазабдан қайтинглар». Эр-хотин аразлашиб қолишган бўлса, жанжални кейинги кунга ҳам чўзмай, шу кунинг ўзидаёқ муаммони ва тушунмовчиликни ҳал қилишлари керак.
Бу ўринда жанжалга яна бошқа томондан қараш керак. Баъзи келишмовчиликлар бир куннинг ўзидаёқ ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун жахлдан тушиб, яхшилаб ўйлаб иш кўриш керак. Жахлдан тушиш учун эса вақт керак. Чунки жахл қилганида ўйламай гапириб қўяди. Шунинг учун ҳам яхшиси совуб олишлари керак.
Яна айтишларича фарзанднинг туғилиши эр-хотинни бир-бирига яқинлаштирар экан. Бўлиши мумкин. Чунки фарзанд туғилгач, суҳбат мавзуси кўпаяди. Буларнинг бари албатта фарзанд билан боғлиқ.
Бошида оилавий муносабатлар бошқача тус олгандай туюлади. Кейин эса, эр ишга кетади, чақалоқ ҳасталаниб, инжиқликлар қилишни бошлайди. Боланинг дунёга келиши билан юзага келган шодлик ва ҳайратланиш аста секин, ота-онада чарчоқликни, жиззакиликни, юзага келтиради. Кечалари яхши ухлай олмаган она ҳеч қачон жахлини боласига сочмайди. Эрига сочади. Эр ҳам боланинг йиғисидан кечқурун яхши ухлай олмаган, у ҳам хотинига бақиради. Қарабсиз-ки орада яна бир жанжал пайдо бўлади.
Бу соғлом оила муҳити эмас. Бундай пайтда эр ҳам хотин ҳам бир бирини тушуниши, қўллаб туриши керак. Айтишларича эр-хотинни фақат романтик муносабатлар эмас, дўстона муносабатлар ҳам боғлаб туриши керак экан. Агар шундай бўлганида қанийди! Эр хотинини, хотин эса эрини жуда яхши билади. Шундай бўлгач, улар бир-бирларига дўст бўлсалар улардан жуда яхши дўст чиқади. Бироқ ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди. Бир-бирларини севиб, яна бир-бирлари учун дўст бўлган эр-хотинлар жуда кам.
Агар турмуш ўртоғингиз билан яхши романтик муносабатда бўлангиз-у, яхши дўст бўлолмасангиз, асло қайғурманг. Бунинг учун дўстларингиз бор. Муҳими эр-хотин ўртасидаги севги олови ўчмасин. Айтишларича эр-хотин болалари олдида жанжаллашмасликлари керакмиш. Бу тўғри. Ота-онасининг жанжаллашаётганини кўриш болалар учун жуда қўрқинчли. Бу болаларнинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Ота-онанинг ёмон кайфияти болага ҳам ўтади. Ақлини таниб қолган болалар эса ота-онасининг ажрашиб кетишидан қўрқади.
Жанжалсиз оиланинг ўзи йўқ. Муҳими ота-оналар болаларининг олдида, ўзларини назорат қила олишлари ва жанжални тўғрилик билан ҳал қила олишлари керак. Чунки болалар ота-онасининг жанжаллашиб қолганини билишади ва вазият қандай тус олишини кузатишади. Агар ота-она келишмовчиликни донолик билан оила фойдасига ҳал қилса, фарзандлар ҳам улардан жанжални қандай бартараф қилишни ўрганишади.