Ассалому алайкум қадрдонлар. Бу ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз. Ҳеч ким бошқа бир кишининг юрагида нима кечаётганини билмайди. Аммо Худо билади. Худо ҳамма нарсадан хабардор. Ундан сир яширишнинг иложи йўқ. Худо ажойиб йўллар билан кишини Ўз олдига чақиради ва ўзиники қилиб олади. Қуйидаги ҳикоя бир спортчи қизнинг ҳаётидан сўзлайди. Унутманг, биз айтаётган ҳар бир гувоҳлик ҳаётдан олинган.
«Мен болалигимдан спортнинг югуриш турига қизиққанман. Ҳатто тушларимда ҳам югуриб чиқардим. Баъзида шундай бўлардики, мен тушимда худди тоғлар устида худди кийикка ўхшаб у чўққидан-бу чўққига сакраб ўтардим. Бу сакраш жуда ёқимли эдики, худди учаётгандай ҳис қилардим ўзимни. Бу ҳисни туйиш учун қайта-қайта шу тушни кўришни истардим.
Районимизда югуриш бўйича мусобақа бўлди. Мусобақада қатнашиб ғолиб бўлдим. Кейин бир қанча муддатдан сўнг мени шаҳарда бўладиган мусобақага чақиришди. У ерда ҳам ғолиб бўлдим. Биз бу шаҳарда бир неча кун бўлдик. Кетар чоғимизда бир қиз билан танишиб қолдим. У ҳам мендан ёмон югурмасди. Югуришлар чоғида ўша қиздан қолиб кетмаслик учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қилган эдим. У қиз менга жуда ёқди. Кетиш олдидан унинг хонасида учрашишга келишдик. Келишилган вақтда борсам, у қиз йўқ, унинг ўрнига бошқа бир қиз ўтирибди. Айтишича, ота-онасига совға олишни унутгани учун магазинга кетибди. Нотаниш қиз билан танишдим. У тўсатдан менга ғалати бир савол берди: «Сен Муқаддас Китоб ўқийсанми?»
Мен унинг қўлидаги китобни кўриб: «Йўқ, менга асло унақа нарсалар ҳақида гапирманг. Мен мусулмон қизиман», — дея ўгирилиб кета бошладим. У ортимдан: «Отанг сени яхши кўрадими?», — деб сўради. Ҳа, отам мени жуда яхши кўрарди. Мен унинг кенжа қизи бўлганим учунми менга меҳри бўлакча эди. Унинг саволидан сўнг қайтиб, ёнига бордим. «Албатта яхши кўради. Нега сўраяпсиз?» «Чунки Худо сени отангдан ҳам кўпроқ яхши кўради». Менинг Худо ҳақида ўз фикрларим бор эди. Бирданига уни саволга кўмиб ташладим: «Агар Худо мени яхши кўрса, нега мени ҳаммадан ҳам хунукроқ қилиб яратди?» «У мени яхши кўрса, нега бошқалар мени қабул қилишмайди?» «Агар У мени яхши кўрса, нега менга кучли билим ва ақл бермади?». Бу саволларим уни шошириб қўйди. Шунда ҳам ҳотиржамлик билан саволларимга бирин кетин жавоб бера бошлади. У жавоб берар экан, қалбим юмшаб, кўзимдан ёшлар тўкилди.
Худо мени қанчалик севишини тушуна бошладим. Унинг бегоналигига қарамай унинг олдида ҳўнграб йиғлаб юбордим. Ўша ердаёқ тиз чўкиб, Худодан кечирим сўрадим. Унинг мен учун қилган қурбонлигини қабул қилдим. Исо Масиҳни Раббим ва Нажоткорим, деб қабул қилдим. Шундан сўнг қалбимда сокинлик, илиқлик ва муҳаббатни ҳис қилдим. Унинг олдидан чиқиб кетар эканман, ўзимни худди учиб кетаётгандай ҳис қилдим. Бу ҳис менга таниш эди. Шу ҳисни тушимда чўққидан – чўққига сакраганимда ҳис қилган эдим. Ишонасизми, у қизни қайтиб бошқа кўрмадим. Бироқ кейинчалик у гапирган гаплар Муқаддас Каломдан олинганини билиб олдим. Ўшанда у ҳар бир гапини Каломдан олиб гапирган экан. Мен спортни ташладим, аммо ҳали ҳам югураяпман. Энди Худонинг йўлидаги мусобақада югураяпман. Шундай югураяпманки, мукофотсиз қолиб кетишни истамайман.»