Ассалому алайкум. Ҳозир айтмоқчи бўлган воқеамиз бир йигитнинг ҳаётида содир бўлган. Унинг ҳаётида содир бўлган воқеалар жуда қизиқарли ва мўъжизаларга бой. У ўзи ҳақидаги ҳикояни шундай бошлайди:
«Мен масиҳий оилада дунёга келганман. Онам менга ҳомиладор бўлганида бир киши келиб: «Сен ўғил кўрасан. Исмини Дониёр қўйгин, у Худо учун хизмат қиладиган йигит бўлади», — дебди. Бу ҳақида онам кейинроқ, мен катта бўлганимдан кейин айтиб берди. Аммо мен болалигимда ўша киши айтганидай, ажойиб ва Худога бўйсунадиган бола бўлган эмасман. Менга Калом ўқиш, жамоатларга бориш қизиқ эмасди. Ундан кўрa, ўз жўраларим билан бирга кинога, дискотекаларга ёки бўлмаса футболга боришни маъқул кўрардим.
Ўсмир бўлгач, аста-секин ота-онамнинг имони ҳақида ўйлаб қолдим. Улар шу Худодан нима топишган ўзи? Нега ҳеч жамоатга боришни канда қилишмайди? Нега ҳадеб шу китобни ўқийверишади? Нима ўқиб тугатиш шунча қийинми? Болалигимда бу китобни очиб қараганман-у, аммо расмлари бўлмагани учун қайтиб ёпиб қўйганман. Шундан кейин 16 ёшимда қизиқиб очиб кўрдим. Бир оятга кўзим тушди. Унда шундай деб ёзилган эди: «Башарий табиат амри билан яшайдиганлар башарий фикр қиладилар. Илоҳий Руҳ амри билан яшайдиганлар илоҳий фикр қиладилар. Башарий табиатнинг мурод-мақсади – ўлимдир. Илоҳий Руҳнинг мурод-мақсади эса ҳаёт ва тинчликдир.» Бу калом менинг юрагимга қиличдан санчилди. Худди Худонинг ўзи менга шу гапларни айтаётгандай эди.
Тезгина китобни ёпиб қўйдим. Менинг энг яқин дўстимнинг ота-онаси ҳам масиҳий эди. Улар ҳам ота-онам билан бир жамоатга қатнардилар. Бир куни дўстим билан Худо ҳақида гаплашиб қолиб, ўқиганларимни айтиб бердим. У ҳам ўзида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида гапирди. Биз жамоатга бориб кўришга қарор қилдик. Мен ота – онамга жамоатга бормоқчи эканлигимни айтмадим. Белгиланган куни ота-онамни ҳар доимгидай кузатиб, тезгина кийиниб, йўлга чиқдим. Мен жамоат эшигига яқинлашганимда ёмғир шарриллаб қуйиб юборди. Ичкарига киргач дўстим ҳақида ўйладим. У энди қандай келади. Ёмғирда транспорт ҳам секин юради. Йўллар тиқилинч бўлади. У ҳақида ўйлар эканман Худога биринчи марта ибодат қилдим. «Худо, агар сен чиндан ҳам бор бўлсанг, ёмғир тўхтасин. Ҳали ваъз бошлангани йўқ. Чиндан ҳам бор бўлсанг, ёмғир тўхтасин ва дўстим тезроқ келсин. Акс ҳолда бу ерда бир ўзим туролмайман.»
Ибодатимни тўхтатиб эшикка қарадим. Ёмғир аста-секин камайди-да бирданига тўхтаб қолди. Бизнинг иқлимимизда одатда бундай ёмғирлар бир бошланса, икки-уч кун тинмай ёғади. Дўстим ҳам эшикдан жилмайиб кириб келди. Келаётиб у ҳам таксида ўтириб мен каби ибодат қилган экан. Таксининг эшигини очмасдан ёмғир тўхтабди. Ишонасизми, ўша куни иккимиз ҳам Худонинг биз учун қилга қурбонлигини қабул қилдик. Ҳаётимизни Унга бағишладик. Ўша кундан кейин ҳаётим бутунлай ўзгарди. Мен ҳам ота-онам каби Каломни қўлимдан қўймай ўқийдиган бўлдим. Ота-онамга, бошқаларга, ҳаётга бўлган муносабатим ўзгарди. Ота-онамнинг хурсандлигини айтмайсизми. Маълум бўлишича ота-онам менинг имонга келишим учун болалигимдан бери ибодат қилишар экан.»