Ассалому алайкум. Ўқувчилик чоғларингиз ёдингиздами? Мактабда қандай баҳоларга ўқигансиз? Мактаб болаларининг бугунги кунда мактабдан келибоқ, чарчадим дея диванга чўзилишлари бекорга эмас. Биз ҳам вақтида мактабдан чарчаб келган кунларимиз бўлган. Нега дейсизми? Биз катталар ҳозир мактабни жуда осон деб ўйлаймиз. Мактаб материаллари биз учун осон кўринади. Бироқ, мактаб уқув дастурлари аввалгидан анча илгарилаб кетган. Бугун замон тезлашгани боис, болаларга билим бериш ҳам, дастурлар ҳам анча замонавийлашган. Болаларнинг толиқиши бекорга эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашича, миянинг эслаб қолишга кетган кучи энг кўп мактаб йилларига тўғри келарган. Чиндан ҳам шундай.
Мактабда ҳар куни турли хил фанлардан ўқитувчилар турли янги мавзуларни ўтишади, болалардан янги маълумотларни ёзиб, эслаб қолишни талаб қилишади. Болалар ҳам қўлларидан келганча, маълумотларни ёдда сақлашга ҳаракат қилишади. Мия боланинг 6-7 ёшидан то 16-17 ёшига етгунча тиним билмай ёдлаб қолиш учун ишлайди. Агар бола маълумотларни саралашни билса, аниқроғи ҳамма маълумотларни эмас, энг кераклиси ва энг муҳимларини танлай билса, бу ўзи учун ҳам яхши бўлади. Демак, бола 16-17 ёшга етгунча унинг мияси анча толиқиб қолади. Аммо бу йиллар давомида мия анча кучли бўлиб ҳам боради. Мияга қабул қилинган маълумотларни эслаш учун бир нечта босқичлар бажарилади. Маслан, бирор бир нарсани эслаш учун энг аввало ўша нарсани таниш керак.
Тасаввур қилинг, ўзингизга таниш бўлган бир уйни ёки бирор бир кишини кўрсангиз, дарҳол: «Мен уни танийман» ёки «Уни аввал қаердадир кўрганман», — дейсиз. Шундай қилиб учратган одамингизнинг юзини танийсиз-у, исмини эслай олмайсиз. Бу эслашга биринчи қадам.
Иккинчи қадам, бу маълумотни тўлиқ эслаш. Бу таниб олишдан кўра анча қийинроқ. Масалан ёшлигингизда «Архимед қонуни»ни ўргангансиз. Фарзандингиз сиздан бу ҳақида сўраб қолди. Бу қонун ҳақида эшитгансиз, маъносини биласиз, мисоллар билан тушунтириб бера оласиз-у, лекин аниқ қоидаси ёдингизда йўқ. Архимед қонунини таниганингиз билан унинг қоидасини билмасангиз, қандай ишлашини билмасангиз, фарзандингизга тушунтириб беролмайсиз. Шунинг учун эслашда фақат таниш эмас, балки тўлиқ ёдга олиш керак бўлади.
Баъзилар ўрганган нарсаларини эслашга қийналишади. Эслаган тақдирларида ҳам жуда секинлик билан эслайдилар. Яъни маълумотлар жуда секинлик билан топилади. Бу худди жуда секин ишлайдиган компьютерга ўхшайди. Эслашнинг ҳам турлари бор. Масалан, сўзларни эслаш. Сиз кўп китоб ўқиган бўлсангиз, сўзларнинг маъносига диққат қилган бўлсангиз, гапираётган чоғингизда сўзларни миянгиздан осонгина топасиз ва ишлатаверасиз.
Бошқа бир тури бу кўринишни эслаш. Масалан, яқинда бир уй кўрдингиз, у сизга жуда ёқди. Энди дўстларингизга тасвирлаб бермоқчисиз. Бунинг учун сиз манзара ва кўринишларни эслаб қоладиган хотира асқотади. Агар уйнинг кўринишини яхши эслаб қолган бўлсангиз, дўстларингизга яхши тасвирлаб бера оласиз.