MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчи дўстлар. Келинг бундан 2000 йил ортга қайтайлик. Агар вақт машинаси бўлганида, ортга қайтиб тарихимизни батафсил билиб олиш қийин бўлмасди. Бироқ ҳозир ўқиганларимизга қараб, ўтмишни тасаввуримизда жонлантира оламиз ҳолос. Қуддус. Бу шаҳар ҳар доим гавжум. Шу шаҳарда Мария исмли аёл яшайди. Унинг Марк деган ўғли бор. Бу аёл Қуддус жамоатининг кўзга кўринган ҳизматчиларидан. Қуддусдаги имонлилар жамоати тез-тез унинг уйида йиғилишиб туришади. Маркнинг Барнабо билан қариндошлигини хисобга оладиган бўлсак у ҳам левитлар авлодидан бўлади. У қариндоши Барнабодан Исо Масиҳ ҳақида эшитган бўлса ҳам, Бутрус билан бўлган суҳбатлардан сўнг, Исо Масиҳни Раббим деб тан олди. Ўша ондан бошлаб унинг масиҳийлик қизғин ҳаёти бошланди.

Муқаддас Каломга киритилган хушхабарлардан бири Маркка тегишли. У ўз хушхабарида Исо Масиҳнинг ғайритабиий кучини ва Унинг илоҳийлигига урғу беради. Марк хушхабарида Исо Масиҳнинг сўзларидан кўра кўпроқ Унинг мўъжизалари ҳақида ёзади. Шунга кўра бу хушхабар маъжусийларга қаратилган бўлса керак, деган хулосага келамиз. Ундан ташқари Марк ўз хушхабарида Бутрусни бошқа шогирдлардан кўпроқ тилга олади. Бунинг сабаби у Исо Масиҳ ҳақидаги барча маълумотларни Бутрусдан олганлиги бўлса керак. Марк 14 боб 51 оятда: «Яланғоч танасини чойшабга ўраган бир йигит ҳам Исога эргашиб бораётган эди. Аскарлар уни ушлаб олганида, у чойшабни ташлаб, улардан яланғоч ҳолда қочиб қутулди» — деб ёзилган.

Тахминларга кўра ўша йигит Марк. У қариндоши Барнабо билан бирга Гетсемания боғига келган бўлиши мумкин.

Эрамизнинг 44 йилида Марк ҳаворий Павлус билан бирга Антиохияга йўл олади. Бу уларнинг биринчи миссионерлик саёҳати эди. Кейинроқ эса эрамизнинг 50 йилида Марк ҳаворий Павлус билан иккинчи миссионерлик саёҳатига бормоқчи бўлади. Лекин Павлус Маркни ўзи билан олиб кетмасликка қарор қилади. Бу эса Барнабо билан Павлус орасига хафачилик солади. Бу воқеадан кейин Марк Барнабо билан бирга Кипр оролига сузиб кетади. Бу маълумотлардан Маркнинг хушхабар айтишга бўлган иштиёқини билиб олиш қийин эмас. У Исо Масиҳ ҳақида билиб олгандан кейин, жон дили билан бошқа халқларга хушхабар етказишга отланади.

Орадан ўн икки йил ўтиб, тахминан 62 йилларда Марк ҳаворий Павлус билан бирга Римда пайдо бўлади. У Павлуснинг ўлимидан олдин у билан бирга бўлади. Чунки Каломда Павлус азобланиб ўлдирилишидан олдин Маркни чақириб олгани ҳақида ёзилган. Шунга кўра охирги йилларда Марк ҳаворий Павлуснинг севимли ва яқин ёрдамчиларидан бири бўлган дейишимиз мумкин. У жуда ажойиб йигит бўлган бўлса керак. чунки Павлус уни ўзининг иккинчи миссионерлик саёҳатига олиб кетмаган бўлса ҳам, Павлуснинг охирги йилларида у билан бирга бўлди. Маълумотларга кўра Марк Бутруснинг дўсти бўлган. У Бобилда Бутрус билан бирга бўлган. Биласизми кузатишлар ва тахминларга кўра Марк хушҳабарини эрамизнинг 60-70 йиллари оралиғида ёзган. Юҳаннонинг шогирди Папий Марк ҳақида шундай ёзади: «Марк Исо Масиҳнинг ҳаётида бўлган воқеаларнинг тартиби билан ёзмаган бўлса ҳам, Бутрусдан эшитганларини аниқ қилиб ёзиб олади. У ҳеч бир нарсани тушириб қолдирмасликка ҳаракат қилган.»

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top