«Уларни ташқарига чиқараётган вақтда фаришталардан бири: — Жонингни сақлаб қочиб қол, орқага ҳеч қарама» — деди.
Ассалому алайкум. Худо биз ўйлагандан кўра, марҳаматлироқ, ва донороқ. Унинг сифатларини оддий сўзлар билан тасвирлаб беролмаймиз. Худонинг сифатларини у билан муносабатда бўлган одамгина англаб, ҳис қила олади. Худо фаришталарини юбориб, Лутнинг оиласини қутқариб қолди. Қизиқ, нега фаришталар Лут ва унинг оиласига орқага ҳеч қарама, деб огоҳлантирди экан. Фақат ортга қараб, вақтни кетказмасликлари учунми? Шу сабаб ҳам бўлиши мумкин. чунки ҳар бир дақиқа ғанимат эди. Улар имкони борича, жон-жаҳдлари билан қочиб, жонларини сақлаб қолишлари керак эди. Акс ҳолда осмондан Худонинг ғазаби ёғиб, ёвузлар билан бирга уларни ҳам ҳалок қиларди. Бу бизнинг тахминимиз холос.
Бироқ Лутнинг хотини ортига қаради. Калом эса уни шундай деб тасвирлайди: «Лутнинг хотини эса орқасига қараб, туз тиргагига айланиб қолди.» Аслида ҳам шундай бўлганмикан? Баъзида бир сўзни ифодалаш учун бошқа сўзлардан фойдаланамиз. Мен биргина «ўлди» деган сўзнинг бир неча сифатларини биламан ҳолос. Масалан: «вафот этди», «қайтиш қилди», «йўқ бўлиб қолди», «оламдан ўтди» ва ҳокозо… Лекин бир куни мана шу сўзнинг одамлар орасида бошқача вариянти борлигини ҳам эшитиб қолдим. Бир йигит телефонда ошнаси билан гаплашар эди. Биласан-ку, яқинда тоғам «учвордилар». Гап-сўзларини охиригача эшитиб билдимки, тоғаси яқинда оламдан ўтибди. Демак бир сўзни ифодалаш учун иборалардан фойдаланиш мумкин экан-да. Ўша пайтларда ҳам оддий сўзларнинг ўрнига бошқа иборалар ишлатилган деган хулосага келишимиз мумкин.
Фикрингизни англадим. Бу билан Лутнинг хотини ростдан ҳам туз бўлагига айланиб қолмаган, демоқчисиз. Бу ҳам ўша даврдаги иборалардан бири бўлиши мумкин, демоқчисиз. Тўғри. «туз бўлагига айланиб қолди», деган ибора ўлди деган маънода ишлатилган бўлиши ҳам мумкин-ку? Ëдингиздами, Исо Масиҳ «Бой одамнинг Осмон Шоҳлигига келишидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқ», деганди. Бу ҳам бир ибора эди. Ўша пайтда шаҳарга кирадиган бир кичкига эшик бўлиб, туя сиғарди, лекин юкларисиз. Муқаддас Калом бизга бу аёлнинг фақат туз бўлагига айланиб қолгани ҳақида айтади ҳолос. Балки чиндан ҳам туз бўлагига айланиб қолгандир, балки ортига қараган ва шаҳарларнинг дахшат билан ёнаётганини кўриб, бир неча дақиқа туриб қолгандир. Бу нарса унинг ўлимига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Яхши тахминларни бердингиз. Ҳозиргина айтганингиздек, Муқаддас Калом баъзида рамзий маъноларни қўллайди. Лутнинг хотинини туз бўлагига айланиб қолиши ҳам рамзий маънода ишлатилган бўлса керак. Ҳозиргача, ўша жойда баланд тик тепалик бор. Бу тепаликни маҳаллий аҳоли «Лут Хотини тепалиги» деб аташади. Муқаддас Каломда Лутнинг хотини ҳақида кўп маълумот берилмаган бўлса ҳам, биз каломга қараб, тахмин қилишимиз мумкин. Биласизми, бу аёл Лутнинг ҳаётида, қизларининг ҳаётида катта роль ўйнаган. Қизларининг қандай эканлигини кейинги воқеалардан билиб олса бўлади. Лутнинг бу шаҳарда қолишига ҳам аёлининг қистовлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу аёл нега ортига қаради? Агар шу саволга жавоб топишни истасангиз бизнинг кейинги суҳбатларимизни ўтказиб юборманг.